Бардош
Оллоҳ ёзиб қўяр ҳар кимга
Пешонага битган тақдирин.
Бироқ умид қилишни билинг,
Унутинглар юракнинг кирин.
Давом этиб боради ҳаёт,
Соғлом яшанг, осуда яшанг.
Мендаги дард бўлсин сизга ёт,
Бирдамликда қадамлар ташланг.
Оғир бетоб бўлиб қолгандим,
Айни ўйнаб кулар ёшимда.
Ёнимда қайнонам ва онам,
Турмуш ўртоғим ҳам қошимда.
Қалби қуёш меҳрибондирлар,
Меҳри дарё онажонларим.
Мени сира тарк этишмади,
Ёлғиз қўймай бирор онларим.
Мен бирла тенг чекдилар озор,
Вафодорим умр йўлдошим.
Енголмасдим бу дардни зинҳор,
Ёлғизликда етмас бардошим.
Гап бор ахир – «Ноумид – шайтон»,
Интилдик-да қўшқанот бўлиб.
Оллоҳимдан сўрадик ҳар он,
Яшаяпман ойдайин тўлиб.
Сершовқиндир ҳаёт уммони,
Оқибатда – яшамоқ завқи.
Бўлинг фақат толе томони
Яшаб юринг қалбларда боқий.
Гулшаҳноз ҲОШИМОВА.

