ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ СИФАТИ ЯХШИЛАНИШИ УЧУН

Бугунги кунда электр энергияси истеъмолчиларини янада сифатли энергия билан таъминлаш долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳеч биримизга сир эмаски, туманимиз истеъмолчиларини электр энергияси билан таъминловчи электр қурилмалар, яъни 6-10-0,4кВ.ли ҳаво тармоқлари ва трансформатор пунктлари узоқ йиллар мобайнида эксплуатация қилиниши сабабли ҳозирги кунда ўз ишлаш муддатидан қарийб 2 маротаба кўпроқ ишлатиб келинди. Бу эса ўз навбатида, истеъмолчиларга етказиб берилаётган электр энергияси сифатига салбий таъсир этади.

Юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш мақсадида 2016 йил 23 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини реконструкция ва модернизация қилиш дастури тўғрисида»ги ПҚ-2661-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу дастурда ҳудудлардаги маънан эскирган ҳаво тармоқларини замонавий «СИП» русумли ўтказгичларга алмаштириш, зўриқишда ишлаётган трансформатор пунктларига қўшимча трансформаторлар ўрнатиш кўзда тутилган.

Қарор талабларини бажариш мақсадида корхонамиз томонидан ҳам тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ҳозирги кунда Пастгузар МФЙ ҳудудида 2 дона 160 кВА қувватли трансформатор пункти ва 3,1 км. узунликда 10-0,4 кВ.ли ҳаво тармоқлари қуриб битказилди. Обод МФЙ ҳудудида 1 дона 100 кВА қувватли трансформатор пункти ва 1 км. узунликда 0,4 кВ. ҳаво тармоғи, Янгичек МФЙ ҳудудида 1 км. 0,4кВ.ли ҳаво тармоғи қурилиши учун таянч ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда туманимиз фуқароларидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 17 майдаги «Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 93-сонли қарори талабларига риоя этишларини илтимос қилардик. Ушбу қоида талабларига асосан, 6-10-0,4 кВ.ли ҳаво тармоқлари  яқинида баланд ўсувчи дарахтларни экмаслик, электр ҳаво узатиш тармоқларига зарар етказиши мумкин бўлганларини кесиб ташлаш, турли бино-иншоотларни қурмаслик талаб этилади. Маълумки, баҳор ойида кучли шамол, жала мавсуми кузатилади. Юқоридаги ишларни амалга оширсак, турли хил нохуш ҳолатларнинг олдини олган бўламиз.

Бекзод БАҲРИДДИНОВ,

туман электр таъминоти корхонаси бошлиғи.