МУАММОЛАР ЕЧИМИ
20-мактабда туман жиноят ишлари ва маъмурий судлари раислари аҳоли билан учрашиб, очиқ мулоқот ўтказдилар.
Учрашувда фуқароларнинг ҳуқуқ ва мафаатларини ишончли ҳимоя қилиш долзарб вазифа эканига эътибор қаратилди. Бунинг учун судларга, ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Аҳоли билан очиқ мулоқотлар ташкил этилаётгани уларнинг муаммоларини ўрганиш, вақтида ёрдам кўрсатишда муҳим омил бўлмоқда.
Учрашув давомида фуқаролар томонидан тушган мурожаатлар жойида ҳал этилди. Айрим шикоятларга ўрганиб чиқиш асносида жавоб бериладиган бўлди. Фуқаролардан тушган таклифлар ёзиб олинди.
-Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, уларнинг дарди ва таклифларини тинглаш, муаммоларини адолатли ҳал этиш мақсадида бизда сайёр судлар бўйича режа-жадвал белгиланган, -дейди жиноят ишлари бўйича туман суди раиси Жамшид Мамуров. -Ҳар ўн кунда маҳалла фуқаролар йиғинларида сайёр суд ва очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Бу эса аҳоли ҳуқуқий маданиятининг ошишида муҳим аҳамиятга эга.
Шу куни сайёр суд ўтказилиб, саккиз нафар фуқаронинг иши жамоатчилик олдида таҳлил этилди, жиноятчиларнинг иқрорлари тингланди ва жазони ўташ даврида намунали хулқи билан ўзини кўрсата олган фуқаролар муддатидан олдин жазодан озод қилинди.
Музаффар МУСАБОЕВ,
туман прокурори ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи.

