БУЮК СОҲИБҚИРОН
Амир Темур Кеш (Шаҳрисабз) шаҳри яқинидаги Хўжаилғор қишлоғи (Яккабоғ тумани)да 1336 йил 9 апрелда таваллуд топган. Унинг тўлиқ исми Амир Темур ибн Тарағай ибн Амир Барлук бўлган. Амир Темурнинг онаси Такина хотун, отаси Амир Тарағай барлос уруғининг оқсоқолларидан эди. Етти ёшлигида отаси уни ўқишга беради. Шайх Шамсуддин Кулол Темурбекнинг пири бўлган. У тенгдошлари билан биргаликда мусобақаларда иштирок этиб, аста-секин навкар бўлиб, ҳарбий қўшинларга кириб борган. Кейинчалик у қудратли давлатни ташкил этган. Амир Темур 35 йил давомида ўзининг мамлакатини бошқаради. Ҳиндистон, Хитойдан Қора денгиз, Форс қўлтиғига қадар бўлган ғоят катта ҳудудда улкан салтанатни вужудга келтирган.
Булардан ташқари, кичик Осиё, Сурия, Миср ва Қуйи Волга, Балхаш кўли, Элсувий дарёси, шимолий Ҳиндистонгача бўлган мамлакатларни ўзига бўйсундирган. Амир Темур нафақат Мовароуннаҳр, Туркистон ва босиб олган ҳудудларини обод қилиб, шаҳарларни қайта қурдирди. Карвон йўлларини, кўприклар, шаҳардаги масжид-мадрасалар барпо эттирди. Шарқ билан Ғарбни боғловчи карвон йўлларини қайта тиклади. Шу билан узоқ ва яқин шарқ мамлакатларининг иқтисодий ва маданий юксалишига, бир-бири билан яқинлашишига катта ҳисса қўшди. Амир Темур Европанинг Франция, Англия, Кастилия каби қиролликлари билан бевосита савдо ва дипломатик алоқаларни ўрнатган.
«Ҳидоя» ўрта махсус ислом билим юртининг 1-курс талабаси Камолиддин ТОЖИДДИНОВ тайёрлади.

