ҚАЛБИМ ЧИРОҒИ – КИТОБ
«Мактаб – кутубхона – оила – жамоат ташкилотлари» хайрия тадбири бу йил ҳам биз кутгандан зиёда ўтди. Дастлаб мактабимиз директори Гавҳарой Ҳакимова сўз олиб, ўқувчиларни кутубхона фондини бойитиш, хайрия тадбирида фаол иштирок этишга чақирди, китоб инсон ақл-идроки ва ижодкорлигининг буюк кашфиётларидан бири эканлиги тўғрисида тўхталди. Шундан сўнг туманда ўтказилган «Мен севган адабий қаҳрамон» мавзусидаги иншолар танловида ғолибликка эришган 8-«В» синф ўқувчиси Зебо Бекмирзаева фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Замира Умарованинг «Китоб – дунё калити» мавзусидаги давра суҳбати унда қатнашганларда яхши таассуротлар қолдирди.
«Мактаб – кутубхона – оила – жамоат ташкилотлари» хайрия тадбирида ота-оналар, маҳалла фаоллари, жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳомийлар, барча ўқувчи ва ўқитувчилар қатнашиб, кутубхонамизни бойитиш мақсадида китоблар совға қилишди. Шу куни 50 дона янги китоб туҳфа этилди.
Ўқувчилар томонидан китоб ва китобхонлик ҳақидаги шеърлар ўқилди, бадиий чиқишлар қилинди.
Дилдора УМАРОВА,
12-мактаб кутубхона мудири.

