ОРГАНИК МАҲСУЛОТЛАРГА ТАЛАБ ЮҚОРИ
Юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб хорижда ҳам ошиб бормоқда. Чунки бизда мавжуд маҳсулот етиштириш технологиясида кимёвий моддалар нисбатан оз миқдорда ишлатилиб, асосан, биологик ўғитлар қўлланилади. Бу эса органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қўйиладиган талабларга қисман бўлса ҳам амал қилинишидан далолат.
Мамлакатимиз шароитида органик, яъни экологик тоза маҳсулотлар етиштириш учун барча табиий шароитлар мавжуд. Хорижий давлатларнинг талаб ва таклифларини чуқур ўрганган ҳолда илмий тадқиқотлар ҳамда амалиёт уйғунлаштирилса, республикамизда экспорт ҳажмини бир неча баробарга ошириш мумкинлиги айни ҳақиқат.
Шундай экан, деҳқонлар, фермерлар халқаро стандартлар асосида етиштирган маҳсулотларини бемалол экспорт қилиш имкониятига эга бўлишлари учун органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига мутасадди олимлар, мутахассислар, илғор тажрибага эга бўлган миришкорлар бу борада ўз фикр ва таклифлари билан ўртоқлашиши, дастурларини тақдим этишлари, тажриба алмашишлари муҳим қадамлардан бири бўлади. Шунда деҳқончилик соҳаси янада ривожланади.
Наимахон ЖЎРАЕВА,
29-мактабнинг география фани ўқитувчиси.

