БОЛА ИҚТИДОРИ

уни юзага чиқаришда технология фанининг аҳамияти

Бир донишманддан сўрадилар:

-Одам учун отадан ҳам улуғроқ киши борми?

-Устоз шундай мақомга эга! -деган жавоб бўлди.

-Нечун?

-Негаки, ота фарзандни йўқдан бор қилади. Кўкдан ерга туширади. Устоз эса уни илм-заковатли қилиб, ердан кўкка кўтаради. Бу чинакам улуғликдир.

Чиндан ҳам, инсон камолотида устознинг ўрни беқиёс. Кимки, ном чиқариб, одамлар орасида танилибдики, албатта, эришган муваффақиятида илк устозининг хизматлари чексиз эканини эътироф этади. Чунки болага таълим-тарбия бераётган мутахассис у билан суҳбат асносида унинг руҳияти, қизиқиши ва бошқа нозик жиҳатларини ўрганиб, ундаги иқтидорни юзага чиқаради. Ҳар бир бола ўзига хос иқтидорга эга. Уни аниқлаш эса педагог, меҳнат таълими фани ўқитувчиси зиммасидаги кечиктириб бўлмас вазифадир.

Айрим ота-оналарни фарзандларининг ўз тенгдошларига ўхшамас-лиги, улардаги ўта қизиқувчанлик, билишга катта иштиёқ хавотирга солади. Бола атрофдаги воқелик, ҳодиса, борлиққа қизиқиб, кўп саволлар берса, гоҳо ота-она унинг саволларига жавоб беришга қийналса, болани ўринсиз койийди ва ҳатто жазолаши ҳам мумкин. Бундай ҳолатларда боладаги ижодий имкониятлар сўнади. Бу паллада педагогнинг ўрни ва аҳамияти жуда муҳимдир.

Иқтидорли болалар кучли хотира, эрта нутқ ва тафаккурга эга бўладилар. Улар кўп савол беришлари, маълумот ва тажрибаларни синфларга ажрата олишлари, тўпланган билимлардан кенг фойдаланишлари билан тенгдошларидан ажралиб турадилар. Улардаги истеъдод, қобилиятни юзага чиқаришда мактабларда ўқитилаётган технология фанининг ўрни ва роли беқиёсдир. Шунингдек, бу жараён одатда тест, савол-жавоб, кузатув, суҳбат, анкета усуллари, қизиқарли, мантиқий ва мураккаб масалалар бериш орқали ҳам амалга оширилади.

Муножат ОТАХОНОВА,

35-мактаб ўқитувчиси.