МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ НАМОЙИШИ
Қумтепа МФЙ билан 18-мактаб ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган. Меҳнат фахрийси Ғуломжон Отабоев ташаббуси билан «Хотира ва Қадрлаш куни» олдидан мактабда музей ташкил этилди. Музейдан собиқ директорлар Отабой Бобоев, Муродилла Сиддиқов, Асқаржон Турсунов, Раҳимжон Бўронов, олий маълумотли биринчи ўқитувчи Турсунбой Собиров, илмий бўлим мудири Муҳаммаджон Йўлдошев, 32 нафар марҳум устоз ҳақидаги маълумот ва суратлар жой олган. Уни яна кенгайтириш ва бойитиш ишлари бошланган.
-Маҳалламизда 5,5 минг аҳоли истиқомат қилади, -дейди Қумтепа МФЙ раиси Иброҳим Абдураҳимов. -11 та кўчамиздаги энг фаолларимиздан Акрамжон Мирзараҳимов, Зоҳида Йўлдошева, Саломат Абдураҳимова, Олмахон Мамажонова, Раънохон Асраева, Муҳайё Йўлдошева бизга яқин кўмакдош. Уларнинг саъй-ҳаракати билан Наврўз байрамини ҳам юксак уюшқоқликда ўтказдик. Ҳар бир кўчадан хотин-қизларимиз миллий қадриятларимиз, урф-одатларимизни намойиш этишган бўлса, эркакларимиз ўнга яқин қозонда ош дамлашди. «Хотира ва Қадраш куни»ни ҳам ана шундай кўтаринки руҳда ўтказиш тараддудидамиз.

