ТЎЙДАН КЕЙИН АФСУС ЧЕКМАНГ

Оилавий муносабатларда никоҳ тузиш тартиби ва шартлари ихтиёрийликка, никоҳ ёшига тўлганлик ҳолатларига, никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатларнинг (никоҳ тузишга лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек, фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида, лоақал биттаси руҳият бузилиши, руҳий касаллиги ёки ақлий заифлиги сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида йўл қўйилмайди) йўқлигига ҳамда никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишга асосланади.

Аввало, оила қуриш истагида бўлган ёшлар ФҲДЁ бўлимларига биринчи навбатда ўзларининг шахсларини тасдиқловчи ҳужжатлари (паспорт ёки ҳарбий гувоҳнома) билан мурожаат этишлари керак бўлади. Никоҳ тузилганлигини қайд этиш ҳақидаги ариза шу куннинг ўзида электрон шаклда ёзилиб, электрон дафтарда рўйхатга автоматик тарзда олинади ҳамда ушбу аризага асосан тиббий кўрикка йўлланма берилади.

Шуни таъкидлаш жоизки, амалдаги қонунчилигимизга биноан, никоҳ тузишни хоҳловчи шахслар ариза билан мурожаат этган кундан кейин бир ой ўтгач, улардан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органи томонидан қайд этилади. Амалиётда шундай ҳолатлар ҳали ҳам давом этиб келмоқдаки, ёшлар аввал тўй кунини белгилаб, кейин қонуний никоҳдан ўтиш учун ариза билан ФҲДЁ бўлимларига мурожаат этиш ҳолатлари учрамоқда.

Қонун доирасида оила қуриш истагида бўлган ёшларга бир-бирларини ўрганиб, атрофлича ўйлаб кўришлари учун берилган бир ойлик муддатдан оқилона фойдаланиш ўрнига тўй ташвишлари билан овора бўлиб қолаётганлиги, натижада енгил-елпи орзу-ҳавасларга берилиб, бир умрлик умр йўлдош танлашда юзаки ёндашаётганлиги ташвишга солади.

Натижада арзимас сабаблар билан ёш оилаларнинг ажралиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Умумий асосларда камида бир ой белгиланган бўлиши билан бирга никоҳни қайд этиш тайинланган кундан бошлаб яна уч ой ариза ҳаракатда бўлишини инобатга олган ҳолда ушбу муддатлардан оқилона фойдаланиб қолиш тавсия этилади.

Оила қуриш истагида бўлган ёшлар қонуний никоҳларини расмийлаштириш учун камида бир ой олдин ФҲДЁ бўлимларига ариза билан мурожаат этишлари ва мана шу муддат ўтгандан сўнг никоҳдан ўтиш ҳақидаги хоҳишлари ўзгармаганлиги, бир-бирлари ҳақида тўла маълумотларга (соғлиги, оилавий аҳволи, ижтимоий келиб чиқиши, феъл-атвори ва ҳар томонлама мосликлари) эга бўлганликлари ҳақидаги қатъий қарорларини билдирганларидан кейингина никоҳлари электрон тарзда қонуний рўйхатдан ўтказилади.

Бунга қўшимча равишда шуни таъкидлаш жоизки, албатта, тўй маросимларини ўтказишдан мақсад, ёшларнинг бир оила бўлганлигини элга маълум қилиш ҳисобланади ва ушбу қонуний никоҳ билан биргаликда диний никоҳнинг барча шарт ва удумлари ҳам амалга оширилади. Диний никоҳни амалга ошириш учун эса ҳозирда қонуний никоҳ рўйхатидан, албатта, ўтган бўлишлиги талаб этилади. Шунинг учун ёшларимиз тўй маросимларини белгилашда мана шу жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратишлари  ва бу ҳолатга юзаки қарамасликлари лозим.

Нигорахон ДОСБАЕВА,

туман ФҲДЁ бўлими катта инспектори.