ҚУЛЛИК ГИРДОБИГА ТУШМАНГ

Ўзбекистон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни трансмиллий жиноятчиликка қарши тизимли кураш борасида давлатимиз сиёсатининг мантиқий давоми бўлди.

Таъкидлаш лозимки, Қонун қабул қилингунга қадар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси қуйидаги жиноятлар учун жавобгарликни белгилади: одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш, хусусан, вояга етмаган шахсга нисбатан, ўша ҳаракат бундай шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиб кетиш мақсадида содир этилган бўлса. Лекин шароитнинг ўзгариши, трансмиллий жиноий гуруҳларнинг таъсир доираси кенгайиши ва оқибатда халқаро ҳамжамият томонидан трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш глобал тизимининг яратилиши Қонуннинг қабул қилинишига туртки бўлди. Мазкур Қонун ҳамкорликдаги одам савдосига қарши кураш самарасини ошириш, Ўзбекистон Республикасида одам савдосига қарши кураш борасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида қабул қилинди. Республикамиз одамларнинг яширин трафигига қарши курашиш ва унинг қурбонларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий асослар мажмуига эга бўлди.

Одам савдосига қарши кураш мавзуида туманимиз маҳаллалари, таълим муассасалари, ташкилотларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари томонидан кўплаб тадбирлар, давра суҳбатлари, йиғилишлар ўтказиб келинмоқда. Бу, албатта, ўз самарасини кўрсатмоқда.

Исроилжон ОРТИҚОВ,

туман прокурорининг катта ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи.