МЕҲНАТГА МУНОСИБ РАҒБАТ БЎЛАДИ

«Кумуш тола» дея эъзозлаймиз ипакни. Ипак қуртини эса азалдан бувиларимиз, онахонларимиз: «келинчаклар», «келинойлар» деб эркалашган. Ипак қурти ўта сезувчан, ўта нозик, ўта ноёб табиат неъмати бўлгани сабабли бўлса керак, онахонларимиз у боқилаётган хонага юзни ювмай киришни-да тақиқлаганлар.

Кейинги йилларда мамлакатимизда ипак қурти боқиш билан боғлиқ талай муаммолар юз кўрсатди, соҳа анчагина оқсаб қолди. Бугунги кунга келиб, ҳукуматимиз раҳбарлари кўп тармоқли қишлоқ хўжалигимизнинг етакчи, ишончли соҳаси бўлмиш пиллачиликка ҳам алоҳида эътибор қарата бошладилар. Булар эса, албатта, ҳукумат қарорларида намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 29 мартда, «Республикада ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 12 январда қабул қилинган қарорларини бу соҳадаги тарихий қарорлар дея номлаш мумкин. Ушбу муҳим ҳужжатлар тармоқни ислоҳ қилиш, ипакчилик саноатини модернизациялаш, ривожланишни жадаллаштириш, пиллани чуқур қайта ишлаш негизида ташқи бозорда барқарор талаб қилинаётган, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, товар турини кенгайтириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш мақсадида чиқарилди.

Қарорнинг ижросини таъминлаш учун туманимизда “Ўзбекипаксаноат” уюш-масининг ҳудудий бўлими сифатида Уйчи «Агропилла» МЧЖ ташкил этилди ва унга кўп йиллик тажрибага эга салоҳиятли мутахассис Маъсудахон Холмирзаева раҳбар этиб тайинланди. Биз туманимиз пиллакорларини қизиқтираётган айрим масалаларга ойдинлик киритиш ниятида Маъсудахонни саволга тутдик.

-Пиллакорлар учун яратилаётган шароитлар, имкониятлар ҳақида гапириб берсангиз.

-Мен шу соҳада 30 йилдан бери фаолият кўрсатиб келмоқдаман. Ҳар гал пилла боқувчилар билан суҳбатлашганимда  улар пилланинг бир илоҳий неъмат, мўъжиза деб тилга оладилар ва: «Биз ипак қурти боқмаяпмиз, биз барака боқяпмиз, ахир ипак қурти 7 хазинанинг бири, деб бежиз айтилмайди», -деган фикрларни билдирадилар. Дарҳақиқат, пиллачилик, агар тўғри йўлга қўйилса, энг фойдали тармоқлардан бири. Пиллакорлар учун  энг асосий масала уларнинг манфаатдорлиги. Эндиликда ипак қурти боқувчи касаначиларнинг мавсумий 1 ойлик меҳнатлари меҳнат дафтар-чаларига 1 йиллик иш стажи бўлиб киритилиши белгиланди. Қолаверса, улар даромад солиғидан озод этиладилар. Уларга уруғ тарқатилаётган пайтда аванс берилади, пилла топширилгандан кейин тезлик билан ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилади. Алоҳида ютуқларни қўлга киритган, юқори натижаларга эришган пиллакорларни рағбатлантириш масалаларини ҳам йўлга қўяётирмиз. Ҳар йили мавсумдан сўнг улар учун турли тадбирлар, байрамлар ташкил этиш, унда эсдалик совғалари уюштириш ҳам кўзда тутилган.

Малика БОЙХОНОВА.