ХАВФСИЗЛИК – ДОИМИЙ ЭЪТИБОРИМИЗДА

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши тасарруфидаги туман ўқув спорт техника клубимизда «Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги» муваффақиятли якунланди.

Туман ИИБ ЙҲХГ билан ҳамкорликда ойлик давомида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, уларнинг сонини камайтириш, ойликни жойларда тарғиб қилиш, ҳайдовчиликка тайёрланаётган мутахассисларни ўқитиш бўйича  суҳбатлар ўтказилди. Бундан ташқари, техникаларнинг фойдаланишга яроқлилиги, ҳужжатлар тўлиқлиги назоратдан ўтказилиб, соҳа бўйича таклиф ва мулоҳазалар муҳокама этилди.

«Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги» давомида вилоят ИИБ ЙҲХБ 2-ТРИБ томонидан клубимиздаги ўқув жараёни ўрганиб борилди ва шу билан биргаликда, ўқувчиларга ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, билим савияси ва автомобилдан фойдаланиш кўникмаларини ошириб бориш ҳақида тавсиялар берилди. Шунингдек, «Автокарвон юриши» ташкил этилди.

Ташкилотимизда жорий йилнинг 13 апрель куни  барча автотранспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилди. Унда туман ИИБ ЙҲХГ катта инспектори, капитан Мухторжон Қосимов иштирок этди. У техникаларни кўрикдан ўтказиб, автомобилни амалий бошқаришни ўргатувчи усталар билан техника хавфсизлиги, улардан фойдаланиш бўйича савол-жавоблар олиб борди ҳамда соҳа бўйича ўз тавсияларини берди.

Ташкилотимизга тегишли барча автотранспорт воситаларининг техник ҳолати ҳаракат хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги ва ходимларнинг йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз амал қилишлари назорат остига олинган ва бу борадаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Исмоил МАВЛОНОВ,

туман ЎСТК бошлиғи.