ҲУШЁР БЎЛАЙЛИК
Инсонларнинг онгида бўшлиқ пайдо бўлиши билан унинг ўрнини бошқа нимадир эгаллайди. Бу инсон учун фойдали ёки зарарли бўладими, барибир, инсон онгидан ўрин олади. Шунинг учун инсоннинг онгида ҳеч қачон бўшлиқ бўлмаслиги зарур. Агар инсонга иқтисодий ёки сиёсий томонлама таҳдид ўтказишса, буни билиш, пайқаш осон. Лекин маънавий томондан зарар етказилса, буни сезиш ниҳоятда қийин. Бу борада Президентимизнинг қуйидаги сўзларини эслаб ўтиш жоиз: «Агар ҳарбий, сиёсий, иқтисодий тазйиқ бўлса, буни сезиш, кўриш, олдини олиш мумкин, аммо мафкуравий тазйиқни, унинг таъсири ва оқибатларини тезда илғаб етиш ниҳоятда қийин. Мана шундай вазиятда одам ўз мустақил фикрига, замонлар синовидан ўтган ҳаётий-миллий қадриятларга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга бўлмаса, ҳар турли маънавий таҳдидларга, уларнинг гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона кўринишдаги таъсирига бардош бериши амримаҳол».
Дарҳақиқат, бундай кучларга – миллатчилик, шовинизм, фашизм, миссионерлик каби кўплаб салбий оқимлар яққол мисол бўла олади. Бу каби ёвуз кучларнинг маъно-мазмунига назар ташлайдиган бўлсак, буларнинг барчаси маънавиятга, сиёсатга бўлган таҳдид эканлигини тушунишимиз мумкин.
Ватанни равнақ топтириш учун, Юртнинг эртанги куни бўлган ёш авлод ҳам жисмонан, ҳам маънан етук ва соғлом бўлиши зарур. Ёшларнинг онгу тафаккурига маънавиятнинг чексиз уруғини сепишимиз ва қўллаб-қувватлашимиз зарур.
Ёшларни бундай охири офат билан тугайдиган кучлардан фақатгина уларнинг маънавиятини уйғотиб қутқаришимиз мумкин.
Иқбола ДАВЛАТОВА,
1-сонли ихтисослашган давлат МТМ тарбиячиси.

