СОҒЛОМЛИК ВА ГЎЗАЛЛИК САРИ

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши томонидан тизимда фаолият юритаётган соҳа ходимлари спорт билан шуғулланишларини кенг тарғиб қилиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, спортнинг оммавийлигини ошириш мақсадида ҳар йили спартакиада мусобақаларини ўтказиш анъанага айланган.

Бу йилги «Спартакиада – 2018» мусобақалари ҳам кўтаринки руҳда ва юксак уюшқоқликда ташкил этилмоқда.

Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган мусобақанинг тантанали очилиш маросимида коллеж директори Абдумажид Отабоев, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши раиси Мирзамаҳмуд Тўхтабоев, мусобақа бош ҳаками Собиржон Жўраев таълим муассасаларидан ташриф буюрган спортчиларга омад тилашди. Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси ижро этилди.

Мусобақалар Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежи, 6, 36-мактаблар спорт залларида ташкилланди. Волейбол бўйича беллашувларда эркаклар ўртасида 5,9-мактаблар, аёллар ўртасида 8-мактаб жамоалари устун келди. Баскетбол баҳсларида 26-мактаб жамоасига тенг келадигани топилмади. Шахматда 22, 45-мактаблардан  Нигора Носирова, Анваржон Иброҳимовлар, шашкада 9,10-мактаблардан Шукрулло Холматов, Феруза Абдуллаевалар, стол теннисида 1, 7-мактаблардан Авазбек Охундедаев, Умида Пўлатовалар, армрестлингда 1, 6-мактаблардан Саида Мирзаева, Темур Ирсманбетовлар биринчи ўринни қўлга киритдилар. 3-мактабдан Шуҳрат Раҳимов «Энг ёши улуғ иштирокчи», 38-мактабдан Шаҳриёр Абдураззоқов «Энг ёш иштирокчи», 29-мактабдан Абдулҳаким Нишонов «Ғалабага бўлган иштиёқи учун» номинациялари бўйича ғолиб деб топилдилар. Ғолиблар ҳамда фаол иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

-Ҳар йили волейболчиларимиз олдинги ўринда юришади, -дейди 8-мактаб жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Раънохон Асқарова. -Бу йил ҳам шундай бўлди. Жамоамиз жудаям хурсанд.

-Бизнинг нафақат соғлом ва гўзал юришимиз, маданий дам олишимиз учун ҳам имконият яратилганидан мамнунмиз, -дейди 6-мактаб ўқитувчиси Ойшахон Иномова. -«Шотут» ошхонасида ташкил этилган тушлик ва эътибор бизни янада руҳлантирди.

Гавҳархон ВАЛИЕВА,

19-мактаб ўқитувчиси,

Маликахон НОРМИРЗАЕВА,

1-мактаб ўқитувчиси.

Суратларда: «Спартакиада-2018» спорт мусобақасидан кўринишлар.