Тўртликлар

Чашмингдаги ўтда ёнганим – бахтим,

Шаҳду шакарингга қонганим – бахтим.

Ягона ёрим, деб тан олганиму

Бевафо бўлишдан тонганим – бахтим.

***

Дунё бозор, мен ҳам бозорман,

Дўст-ёр келиб, харидлар қилсин.

Ғанимларга энг баланд дорман,

Хасад ила осилиб ўлсин.

***

Озурда дилларга малҳам бўл, дўстим,

Йўқлагил, дуосига бўлгил лойиқ.

Мискин дуоси-ла Ҳақ ижобатин

Ўртасида асло бўлмайди тўсиқ.

***

Варақлама қалб дафтаримни,

Ёзувига тишинг ўтмайди.

Сўйлай десам дил дардларимни,

Тингламоққа умринг етмайди.

***

Ёшликда вафодор бўлмоқ истаймиз,

Бироқ қилолмаймиз вафо эпини.

Ёш ўтгач, вафосизлик кўзлаймизу

Кетолмаймиз узиб вафо ипини.

***

Юрак агар ёнмаса, у юрак эмас,

Гердайгани билан одам терак эмас.

Кимки агар худбин, лоқайд, танбал бўлса,

Одам деманг, у эл-юртга керак эмас.

Ўринбой МЎМИНОВ.