ИБРАТЛИ ҲИКОЯ
Бир бадавлат отанинг ноқобил ўғли бўлган экан. Отасининг давлати соясида ўсиб-улғайган йигит ишёқмас, дангаса бўлибди-ю, бироқ ҳотамтой йигит экан. Пули кўп, атрофи тўла ошна-оғайнилар. Чойхонада дўстлар даврасида «бойвачча фалончи» келмагунча ошлар сузилмас, давраларнинг тўри бойвачча учун тайин экан. “Бойвачча фалончи”нинг айтгани ҳозиру нозир, дўстлари ҳам доимо уни қўллаб-қувватлаб тураркан. Ҳаётни кўрган ота бойвачча ўғилга қанчалар насиҳат қилмасин, асло қулоғига олмас экан. Ота яхши сўзлар билан ҳам, ёмон мисоллар билан ҳам ҳар қанча ҳаётни тушунтирмасин, бойвачча ўғил яхши томонга ўзгармабди. Қўлидаги отасининг бойлигини атрофдаги дўстлари билан хурсандчиликка сарф-харажат қилаверибди.
Бадавлат ота боқий ҳаёт томонга кетар тўшагига ётиб қолибди. Шунда ноқобил ўғлини ёнига чорлаб дебди: “Насиҳатларимни қулоғингга олмадинг. Шу аҳволда сенга қолдирган бойлигим бир кун тугайди. Шунда кўзингнинг ёғини еган дўстларинг ўзларининг асл юзларини кўрсата-дилар. Сен ночор, бир сўмсиз, қолганингда, дўстларинг сенинг ҳолингга кулишади. Сен одамлардан пул сўрайдиган даражада муҳтож бўласан. Одамлардан пул сўраб, тиланчилик қилгандан кўра ўзингни осгин. Мен сенга оғилхонага сиртмоқ тайёрлаб қўйдим. Менинг насиҳатларимни қилмадинг. Шу сўнггиси, шуни бажаргин”.
Бадавлат ота оламдан ўтибди. Дўстлар ҳаммаси «бойвачча фалончи»нинг ёнида бўлишибди. Марҳум отанинг васиятидагидек йиллар ўтиб, бойвачча ўғилнинг пули охирлабди. Энди авваллардагидек чойхоналарда ора кунда дўстларга ош бера олмаган бойвачча аста давранинг тўрисидан пойгакка тушибди. «Ётиб еганга тоғ ҳам етмайди» деганларидек, мерос ниҳоясига етиб, бойлик келувчи манба ҳам йўқлигидан «бойвачча фалончи» қашшоқ тиланчига айланибди. Кечаги дўстлар, қариндошлар юз ўгирган бойвачча отанинг сўнгги насиҳатини эслади. «Ҳа, кеча ким эдим, бугун ким бўлдим? Отам ҳақ эканлар! Афсус, вақтида сўзларига қулоқ солмабман. Бу кунимдан ўлганим афзаллигини отам билиб айтиб кетган эканлар», -деган ўйда, минг ҳасрат-надоматлар билан оғилхона томон юрибди. Кўзида ёши қалқиган «бойвачча» сиртмоқни тортиб тушириб, бўйнига солиб, отасининг ёнига равона бўлмоқчи эди ҳамки, сиртмоқнинг иккинчи учига боғлаган бир қоп билан ерга қулади. Йигит не кўз билан қарасаки, ёнида қопда пул ва устида бир мактуб турарди. Шошилиб мактубни очиб, ўқий бошлади: Ўғлим. Мен шу кунга етиб келишингни сезган эдим. Бу ҳаётингдаги охирги сабоқдир. Энди билгандурсан ҳаётда ким кимлигини? Ақлингни йиғиб, пулдан унумли фойдаланиб, шу пулни сармоя қилиб, оёққа туриб ол. Энди асло йиқилма, болам!
Азиз юртдошим! Бўйинга сиртмоқ солинадиган даражагача ўзингизни жарликка ташламанг. Кўзингизни очинг. Дунё учун ёнингизда турганлар, дўст эмаслар. Ота-онангизнинг насиҳатига вақтида қулоқ солинг.
“Девонабобо” масжиди имом ноиби Абдуфаттоҳ МУСАХОНОВ тайёрлади.

