ОЗИҚ-ОВҚАТ ХАВФСИЗЛИГИ

Ўзбекистон Республикаси озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, талаб юқори бўлган озиқ-овқат товарларини импорт қилишда тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бериб, бу соҳадаги ижобий тажриба халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилган.

Шу билан бирга, бозорда айрим импорт қилувчиларнинг устун мавқега эга бўлишига улар учун индивидуал имтиёзларнинг тақдим қилинганлиги бошқа тадбиркорлик субъектларининг бозорга кириш имкониятини чеклашга олиб келиб, амалиётда носоғлом рақобат, озиқ-овқат маҳсулотлари импортининг айрим хўжалик юритувчи субъектлар томонидан монополиялаштирилиши сунъий тақчилликни юзага келтириш ва баъзи товарлар учун нарх-навонинг асоссиз оширилиши каби ҳолатларга сабаб бўлганди.

Амалиётда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда озиқ-овқат бозорида эркин бозор муҳитини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 январдаги «Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, 2018 йилнинг 1 февралидан бошлаб Ўзбекистон Республикасига озиқ-овқат товарларини импорт қилиш бўйича айрим хўжалик юритувчи субъектларга тақдим қилинган алоҳида божхона, солиқ ва бошқа имтиёзлар бекор қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан республикага озиқ-овқат товарларини олиб кириш бўйича айрим хўжалик юритувчи субъектларга алоҳида божхона, солиқ ва бошқа имтиёзлар такдим этишни назарда тутувчи қарорларнинг қабул қилиниши тақиқланди.

Шунингдек, жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб истеъмол товарларини республика товар-хом ашё биржаларида сотиш (сотиб олиш)га тақиқ бекор қилиниб, шакар ишлаб чиқарувчилар 2019 йилнинг 1 январига қадар муддатга импорт хом ашёси асосида ишлаб чиқарилган ҳажмлар қисмига қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод қилинди.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 июндаги «Республика аҳолисини ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турлари билан ишончли таъминлашга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментига ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларига нарх-навони оширишга қарши курашиш соҳасидаги қўшимча вазифалар белгилаб берилди.

Нуриддин ЯХЯЕВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг вилоят бошқармаси катта инспектори,

Эмиль МУРТАЗИН,

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг туман бўлими бошлиғи.