Шоир қайтмас
Келаверар такрор ва такрор,
Ўлкамизга у севган баҳор,
Қабрин қучиб йиғлар лолазор,
Шоир кетди, қайтмас Муҳаммад.
Капалаклар қанотин қоқиб,
Қизғалдоқни ўпади қучиб,
Туркман қиз ҳам ўлтирар кутиб,
Шоир кетди, қайтмас Муҳаммад.
Тоғ устида маъюс бир жайрон,
Қароғида кўзлари маржон,
Муҳаммадни ўйлар бегумон,
Шоир кетди, қайтмас Муҳаммад.
Ялпиз ўсган ўтлоқда ётиб,
Кўкламойнинг кўкидан тотиб.
Қиз бор уйга қўшиқлар битиб,
Шоир кетди, қайтмас Муҳаммад.
Андижонда тонглар отади,
Марҳаматда кунлар ботади,
Олис кетган элга қайтади,
Фақат энди қайтмас Муҳаммад.
Ғуломжон МЎЙДИНОВ.

