ШОИРНИ ЁД ЭТИБ…

Элимиз ардоқлаган шоир Муҳаммад Юсуф ҳаёт бўлганида бу йил 64 ёшни қаршилаган бўлар эди. Минг афсуски, бешафқат тақдир севимли шоиримизни ҳаётдан жуда эрта олиб кетди. Аммо шоир бор-йўғи 47 йил умр кўрган бўлса-да, она тилимизни, халқимизни, жаннатмакон Ватанимизни улуғловчи шеърлари билан ёшу кексанинг қалбидан мустаҳкам жой олган, шеърият осмонида яшиндай чақнаб, из қолдирган. У бугун ҳам Ўзбекистоннинг эъзоз ва эҳтиромидадир.

Мактабимизда тажрибали муаллима Саидахон Нишонова раҳбарлик қилаётган 4-«Б» синф ўқувчилари иштирокида «Улуғимсан, Ватаним!» деб номланган адабий-мусиқий кеча уюштирилди. Тадбир давомида шоирнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги қизиқарли маълумотлар слайд ҳамда видеолавҳалар орқали намойиш этилди.

Шоир шеърлари асосида яратилган қўшиқларни умидли хонанда Музаффар Нишонов маҳорат билан ижро қилди. Шоҳрух Султонмуродов, Дилшода Муҳаммадисмоилова, Бобуржон Ҳожимирзаев, Райҳона Нуриддинова, Маржона Нуриддинова, Бунёдбек Асқаров, Анваржон Каримжонов каби ўқувчилар ўқиган шеърлар барчани ҳаяжонга солди.

Тадбирда мактабимиз директори Насибахон Ақилова сўзга чиқиб, ушбу кеча ёшлар маънавиятини юксалтирибгина қолмай, кўплаб истеъдодларни кашф этганини эътироф қилди.

Дилфуза НИЗОМОВА,

1-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.