ЎҚИТУВЧИНИНГ КЎНГЛИ СОВИМАСИН
Бугунги кунда қадрият муаммолари хусусида фикр юритадиган бўлсак, муаллим ҳар куни 5-6 соатдан дарс ўтиши керак, ҳар бир синфда 30-35 ўқувчи бўлса, 150-180 та дафтар текшириши лозим, ёзма ишлар ҳисобга олинса, бу кўрсаткич янада ортади. Ҳаётий тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, касбдош устозлар 30-35 йил ишлаб, белгиланган пенсия ёшига етолмай, бугунги кун талабига, ўқувчининг жавобига бардош бера олмай, четлаб кетмоқдалар. Чунки ошкораликни, тенг ҳуқуқлиликни нотўғри тушунган оила фарзандлари ўқитувчининг қадрига етмайди. Синфда ўзларини тута билмайдилар, дарс тайёрлаб келмайдилар. Айрим дангаса ўқувчилар дарс машғулотларида бўлиш вақтини била туриб, болаларбоп телекўрсатувларни томоша қилиш учун кетадилар.
Ҳафталик дарс соатлари қисман камайтирилса, қандай бўларкин? Ўқитувчига маданий-моддий шароитларни яхшилаш, пенсия ёшини кўриб чиқиш, ҳеч бўлмаса, 50-60 ёшга етганда рағбатлантириш ёрлиқлари масалалари долзарбдир.
Бугунги кунда халқ таълими тизимининг қайта тузилиши биз, маорифчилар ишида янги-янги муаммоларни ҳал этишда асосий роль ўйнайди. Ҳаётий тажрибаларни ёритиш, ўқитувчилар билан педагогик-психологик, илмий тадқиқотларни олиб бориш вақти келди. Мен 24 йилдан буён математика ва информатика фанларидан ўқувчиларга сабоқ бераман. Биз учун энг катта ғамхўрлик қадр-қимматимизни жойига қўйишдир. Бунинг илк куртакларини кўряпмиз. Истагим, ўқитувчилар меҳнати ва унинг натижалари билан боғлиқ муаммолар тезроқ ҳал этилса.
Манзура ЮЛДАШЕВА,
26-мактабнинг информатика фани ўқитувчиси.

