БИЛИМНИ ОШИРИШ МАҲОРАТИ
Ўқувчи билимидаги бўшлиқларни тўлдириш учун дарсдан бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида фан тўгаракларига жалб этиш зарур. Бунда ўқувчилар ўқув дастури асосида берилган билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаб борадилар. Баъзи ўқувчилар ўзлаштириши бироз суст бўлгани учун уларга машғулот оддий усулларда тушунтириб борилади. Тўгарак раҳбари ўқувчилар билан кенгайтирилган ҳолда ўқитишнинг 3 хил йўналишида иш олиб боради:
-суҳбат тарзида – яккама-якка тушунтириш орқали;
-амалий тарзда – биргаликда бажариш орқали хатоларни тўғрилаб бориш;
-кўргазмали усулда – бунда топшириқ сифатида тайёр кўргазмага қараб дарс ўтиш кўзда тутилади.
Ўқитишда сифат ва самарадорликка эришиш учун фанга оид янгиликларни излаб топиш ва таълим жараёнига татбиқ этиш ўқувчилар қизиқишини оширади.
Фанни қандай ўргатиш ва дарсда қандай методларни қўллаш кўпроқ самара беради, деган савол бугун ҳар бир педагогни ўйлантиради. Таълим сифатини ошириш эса фанларнинг пухта ўргатилишига, замонавий ахборот коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш ҳамда илғор тажрибаларни қўллашга боғлиқ. Ўқитувчида билим ва малакадан ташқари, дарсни турли усулларда, қизиқарли ва мазмунли ташкил этиш маҳорати, замонавий педагогик технологиялардан фойдаланиш қобилияти шаклланган бўлиши зарур.
Марғуба ХОЛМИРЗАЕВА,
5-мактаб ўқитувчиси.

