БЕФАРҚ БЎЛМАНГ

Ота-онанинг оиладаги бир-бирига бўлган муносабатлари, ишончи, улар ўртасидаги ҳурмат ва эътибор, фарзандлари тарбиясига масъулият билан қарашга  боғлиқ.

Отанинг вазифаси, аввало, оиласига устун бўлиши, оилада тартиб-интизом ўрнатиш ва фарзандлари учун фаровон ҳаётни яратишдан иборатдир.

Ота-она болалар нигоҳида энг буюк кишилардир. Шунинг учун улар фарзандлари олдида энг яхши жиҳатлари билан обрў қозониши керак. Болаларнинг комил инсон бўлиб улғайишида мактабни оила билан боғлаш муваффақият калитидир. Шунинг учун мактаб ва ота-оналар ўртасида таълим-тарбияга оид ишларни кенгайтириш лозим. Бола мактабга бориб, то уни тамомлаб чиққунга қадар ота-она мактаб билан яқин алоқа ўрнатиши, доимо фарзанди ҳақида маълумотга эга бўлиши, ўз навбатида, боланинг атрофидаги дўстлари ҳақида ҳам маълумотга эга бўлиши керак. Ота-оналарнинг маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари билан тарбия соҳасида ҳамкорлик қилишлари жуда муҳимдир. Бу ишлар оилада фарзанд тарбиясига салмоқли ҳисса қўшади. Комил фарзанд тарбиялаш иши эса оила, мактаб ва маҳалланинг ҳамкорлигини талаб қилади.  Маҳалла азалдан халқимизда тарбия маскани ҳисобланади. Кўчада бесамар юрган бола борми, уни, албатта, қўни-қўшнилар, маҳалла сўраб-суриштириб турса, қанчадан-қанча жиноятчиликнинг олди олинган бўлади.

Айтиб ўтиш жоизки, ҳозирги кунда фарзанд тарбиясига лоқайдлик билан қараётган ота-оналарни ҳам учратишимиз мумкин. Бунинг натижасида жамиятимизга зарар келтирувчи, халқ учун фойдаси тегмайдиган, ўз она тупроғининг қадрига етмайдиган ёшлар етишиб чиқмоқда. Булар жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.

Ота-оналаримизнинг бефарқлиги ёшларимиз ўртасида гиёҳвандлик, безорилик, ахлоқ чегарасига тўғри келмайдиган ишлар сонининг кўпайишига олиб келмоқда. Шундай ёмон ил-латларнинг олдини олиш мақсадида ота-оналар, мактаб жамоаси ва маҳалла ҳамкорликда ўз фарзандларининг бўш вақтларини фойдали ишлар билан банд бўлиши учун турли хилдаги тўгаракларга жалб қилишлари лозим.

Рислиғой МАМАТКАРИМОВА,

1-мактаб ўқитувчиси.