ТАШРИФ РУҲЛАНТИРДИ, ШИЖОАТГА УНДАДИ

Бугунги кунда мамлакатимизда кечаётган улкан ўзгаришлар жараёнида баҳоли қудрат иштирок этаётган меҳнат фахрийси сифатида амалга оширилаётган улуғвор ишлардан завқу шавққа тўлиб яшаяпман.

Ҳазрат имом Ғаззолийда бир гап бор: «Юрт ободлиги 4 нарсадан бўлади: ҳукмдор адолати, олимлар заковати, сахийлар саховати ва кексалар дуоси». Биз бугунги кунимизда худди шу нарсанинг шоҳиди бўлиб турибмиз.

Куни кеча муҳтарам Юртбошимизнинг гўзал Наманган вилоятига ташрифлари ва бевосита фаоллар билан бўлган учрашувдаги маърузаларини тинглаб, улар олиб бораётган одилона ва оқилона сиёсат, бошқарувчилик услуби, воқеа-ҳодисаларга теран ёндашув, муаммоларни қатъият билан ўрнида ҳал этиш, юртимизнинг ҳар қарич ерини, шароитини яхши билиш, фуқаролар руҳиятини чуқур ҳис этиш… бу Президентимизнинг миллатимиз бошидаги бахт қуши эканлигидан далолатдир.

Бугунги дунёда қорни нонга тўймайдиган, бошпанаси йўқ, тинчлиги кафолатланмаган, дардига даво топилмас миллионлаб халқлар, уруш гирдобида қолган юртлар, ахмоқона сиёсат туфайли боши берк кўчага кириб қолган эллар борлигини ҳисобга олсак, фикримиз янада ойдинлашади.

Мамлакатимиз аҳолисининг ҳар бир табақасига алоҳида ва ўзига хос ғамхўрликлар кўрсатилаётганлиги ҳам барчамизга куч-ғайрат, кўтаринкилик бахш этмоқда.

Тоҳиржон ИСМАТИЛЛАЕВ,

Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси.