МЕҲР ҲАЙКАЛИ

Мамлакатимиз раҳбарининг «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарорини туманимиз жамоатчилиги, уруш изтиробини кўрган нуронийларимиз шоду хуррамлик билан кутиб олдилар.

Бир неча йилдирки, мамлакатимизда 9 май Хотира ва Қадрлаш куни сифатида нишонланиши юртимиз фуқаролари, хусусан, уруш қатнашчиларининг қадр-қимматига қўйилган меҳр ҳайкалидир. Зеро, инсон азиз экан, уни муносиб эъзозламоқ йўлидаги бугунги саъй-ҳаракатлар ҳам эзгуликка хизмат қилади. Бу борада жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда тизимимизда фаолият кўрсатаётган Давлат хизматлари маркази ходимлари ҳам фаоллик кўрсатмоқдалар.

Байрам бўсағасида Уйчи туман Давлат хизматлари маркази ходимлари Д.Мирзаева, А.Бобомирзаевлар «Нуроний», «Маҳалла» каби жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Гулбоғ маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Мадамин ота Абдуллаев хонадонига ташриф уюштирдилар. Отахонни байрам билан қутлаб, эсдалик совғаси топширдилар. Мадамин ота эътибор учун Юртбошимизга, Давлат хизматлари агентлигининг вилоят бошқармасига миннатдорчилик билдирди.