Хотира

Дунё эзгуликдан юз очар асли,

Саодатдан олам тўлажак нурга.

Идроки покиза халқимиз насли,

Қадр сабот берар азиз умрга.

Ғам лашкари энди тилмас юракни,

Ғаним ололмагай биздан интиқом.

Яратгандан тилаб тоза тилакни,

Умрига тинчликни алишган бобом.

Боболар халқимнинг жонида яшар,

Руҳи кетмас йироқ, ёнида яшар,

Саботида яшар, номида яшар,

Юртимнинг энг азиз онида яшар.

Қонга қон кечганлар ўчмагай ёддан,

Хотирлаб этамиз руҳларини шод.

Ўтар бу анъана авлод-авлоддан

Улар туфайлидир юртимиз обод.

Бугун музаффарлик жой олган дилдан,

Бу манзилнинг асли номи Ватандир.

Тимсоли тушмагай айтгувчи тилдан,

Халқим дўст-биродар, жон бирла тандир.

Машҳура  АҲМАДЖОНОВА.