ЖАНГГОҲЛАРДА ТОБЛАНГАН

Кечаги кунларимиз хотираси бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етишда муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода Хотира ва Қадрлаш куни бошқа байрамлардан фарқ қилади. Бу кунда Ватан озодлиги йўлида жон фидо қилган барча инсонлар ёдга олиниб, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирилади.

Юсуфжон ота Усмоновнинг кўзларидан яшаш иштиёқи, сўзларидан эса дориломон кунларга шукроналик аримайди. Қаҳрамонимиз шундай хотирлайди:

-Мен 1926 йилда Файзиобод қишлоғида туғилдим. 1944 йил ноябрь ойида армияга сафарбарликка чақирилдим. Айни 18 ёшга кирган, билагим кучга тўлган эди. Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, эсон-омон юртга қайтиш насиб этди…

Уруш йилларини хотирлаб, отахон маъюс тортади. 77-Тамань дивизияси сафида Польша, Чехословакия, Германия тупроқларида кечган қирғинбаротларда жонини аямаган, ўқ ёмғири остида неча бор окопдан отилиб чиқиб, олға интилган, мардонавор курашган Юсуфжон кўкси тўла орден-медаллар билан қайтди. Умрининг қолган қисмини халқ таълими тизимини ривожлантиришга бағишлади, тумандаги 21-, кейинчалик 1-мактабларда физика фанидан ёшларга сабоқ берди. Туман халқ таълими бўлимида инспекторлик қилди. Бугун Юсуфжон ота 5 фарзанд, 22 невара, 38 чевара ардоғида. Мамлакатимизда Юртбошимиз раҳнамоликларида уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган эъзоз ва эҳтиромдан қаҳрамонимизнинг боши осмонда.

Боқижон ЮСУПОВ.