ИБРАТЛИ ҲАЁТ ЙЎЛИ
«Аввалинг хор бўлса бўлсин, охиринг хор бўлмасин», -дея куйлайди ҳофиз. Аввалингнинг хорлиги, бу – тинимсиз меҳнат, машаққатларни енгиб ўтиш жараёни. Ана шундагина кексайганда эл-улус ардоғи, фарзандлар эътибори ва ғамхўрлигига сазовор бўласан киши.
Қаҳрамонимиз, жийдакапалик Хадичахон опа Мадумарова ҳам халқ фаровонлиги, юрт равнақи йўлида бор истеъдоди-ю маҳоратини сарфлаб, бахтини топганлардан. Бугун опанинг хонадонига Бўстон маҳалласида ҳавас қилмаган оилани топишнинг ўзи мушкул. Бунинг сабаби оиладаги тартиб-интизом, атрофдагиларга бўлган илиқ муносабат, тарбия кўрган фарзандлар, неваралар, керак пайтда кишиларга моддий ва маънавий кўмакни канда қилмаслик каби азалдан шаклланган анъаналар десак, асло муболаға эмас.
Хадичахон опа оилада 8 фарзанднинг тўнғичи бўлган. Ота-онаси Турсунбой ака ва Тожихон опа колхозда ишлаб, тирикчилик тебратишган. Шу боис, ёшгина Хадича дала ишларига анча эрта киришган. Укаларининг озиқ-овқати, кирчири, бу ёқда мол-ҳол – барчаси Хадичанинг зиммасидаги кундалик юмушлар эди. Лекин ҳар қандай шароитда у дарсларни қолдирмасликка, уй вазифаларини бажаришга вақт ажратарди. 2-мактабни “аъло” баҳоларга тамомлашида устозлари Нуриддин Шокиров, Холмирза Саидбоевлар берган таълим-тарбиянинг ўрни беқиёс.
Мактабни тамомлаган ёшгина Хадича Тошкентда ўқиш истаги борлигини айтганда, кўпчилик ён-атрофдагилар бунга шубҳа билан қарай бошладилар. Чунки шу пайтгача, яъни 1970 йилгача Жийдакападан ҳеч бир қиз Тошкентда ўқимаганди. Бир ёқда 1966 йилги зилзила ваҳимаси ҳали кетмаган у кезларда ким ҳам қиз болани Тошкентга ишониб жўнатарди, дейсиз? Аммо ота-она қизининг хоҳишига қарши боришмади. Аксинча, уни қўллаб-қувватлашди.
Фалакнинг гардиши билан Уйчининг чекка бир қишлоғидан пойтахтга келган қиз шу йилнинг ўзидаёқ Тошкент давлат университети (ҳозирги Миллий университети)нинг ҳуқуқшунослик факультети талабасига айланди-қўйди.
Ўқишни муваффақиятли тамомлаган Хадича Наманган вилояти адвокатлар коллегиясига ишга кириб, то пенсияга қадар шу жойда самарали меҳнат қилди. Турмуш ўртоғи Абдуқаҳҳор Эргашевнинг ҳам касби ҳуқуқшунос бўлганлигиданми, оилада ҳеч қачон зиддиятли вазият бўлмаган. Улар тўрт фарзандни камол топтиришди.
2003 йили тақдир опага қаттиқ зарба беради. Абдуқаҳҳор ака тўсатдан оламдан ўтади. Энди хона-дон юкини тортиш Хадичахон опанинг зиммасида қолиб кетади. Қаҳрамонимиз садоқатли ёр, меҳрибон она ва хонадон бекаси сифатида бу қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтди.
9 май куни олтмиш беш баҳорни қаршилаётган Хадичахон опа бугун фарзандлар, неваралар ардоғида. Маҳалланинг фаолларидан, қўни-қўшниларнинг ишончли маслаҳатгўйи.
-Онамдаги камтарлик, зийраклик, адолатпарварлик каби хусусиятларни ўзлаштиришга интиламан, -дейди опанинг тўнғич фарзанди, 12-мактаб директори Гавҳархон Ҳакимова. -Мен ва укаларимнинг ҳаётда ўз ўринларини топишларида волидамнинг тўғри йўл кўрсатгани, тарбияси бош омил бўлган.
Дарҳақиқат, Гавҳархондан ташқари Дилбархон тарих фани ўқитувчиси, Аброржон ва Адҳамжонлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда ўз обрў-эътиборига эга кадрлардан.
Инсон ҳаёти ўнқир-чўнқирликлар, турли довону сўқмоқлардан иборат. Аммо бахтли яшаб ўтиш учун кўп нарса керак эмас.
Мана шу ҳаёт фалсафасини теранроқ англаб етган Хадича опа Мадумарованинг умр йўли кўпчиликка ибрат бўла олади.

