АДОЛАТПЕША ВА САХОВАТПЕША ИНСОН ЭДИ

Бизким, ўзбекларда адолат қадим-қадимдан улуғланиб келган. Амир Темурнинг буюклиги ҳам унинг адолатида эди. Тафаккур қилинса, Аллоҳ қай бандасига фазилат ато этса, уни ёшлигидан шу фазилатга ошно қилиб қўяркан. Буни марҳум Ғуломжон Бойдедаев тимсолида ҳам кўриш мумкин. У ёшлигидан адолат ҳимоячиси бўлишга азму қарор қилиб, шу йўлда бир неча бор уриниб (аҳдидан қайтмай), охири 1974 йили Тошкент юридик институтига ўқишга кирди. Ота-онаси оддий қишлоқ одамлари эди, аммо фарзандларини ўқимишли қилиш учун барча шароитларни яратиб беришганди. Ғуломжон институтнинг юридик факультетида таҳсил олиб, 1979 йил тамомлади ва Янгиқўрғон тумани прокуратурасига иш ўрганувчи қилиб тайинланди. Бир йилдан сўнг Поп туманида прокурор ёрдамчиси бўлиб ишлай бошлади. Шундан сўнг Чортоқ туманида терговчи, Чортоқ туманлараро прокуратурасида ўринбосар, Учқўрғон туманлараро прокуратурасида прокурор ва вилоят прокуратурасида турли лавозимларда самарали фаолият кўрсатди. Ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги 26 йиллик фаолияти давомида бирор кишига ноҳақлик қилмади, бирор фуқаро ҳақ-ҳуқуқларининг поймол этилишига йўл қўймади. Адашганларни тўғри йўлга солиш, жиноят кўчасидан қайтариш, адолатни қарор топтириш кабилар Ғуломжон фаолиятининг асосий жиҳатлари эди.

Юқоридаги фикрлар Ғуломжоннинг адолатпешалигини намоён этса, қуйида айтадиганларимиз унинг қўли очиқ, нияти соз, инсонларга қувонч улашувчи танти инсонлигидан далолат беради.

Қўшниларининг айтишларича, Ғуломжон ўқиб юрган кезларида ният қилиб, биринчи маошидан ўша даврда анча қиммат бўлган пахта гулли чинни пиёладан қўни-қўшниларга ҳадя қилган экан. Ўша-ўша унинг саховати, ҳимматининг чеки бўлмаган. Қишлоқ ва маҳалладаги ҳар қандай оммавий ташкилий ишларда бош-қош бўлиш, ободончилик, кўчалар, қабристон ва бошқа жойларни тартибга келтириш, болалар спортини ривожлантиришга ҳисса қўшиш, тўй-маъракаларнинг тартибли, камхарж ўтказилишини таъминлаш, бошига мусибат тушган қишлоқдошларига ҳамдард бўлиш, фуқаролар ўртасида ҳуқуқий билимларни тарғиб қилиш каби ишлар Ғуломжоннинг одатий юмушлари эди.

Ҳар йили баҳорда худойи сумалак пишириб тарқатар, кам таъминланган оилаларга совға-саломлар улашиш ҳам Ғуломжон учун хос амал бўлган.

Оилада меҳрибон ота, садоқатли умр йўлдош, севимли бобо сифатида инсоний фазилатларни намоён этиб, фарзандларига ҳам намунали тарбия берди. Ўғли Илҳомжон спорт соҳасини танлаб, бугунги кунда вилоятимизнинг бош жамоаси  «Навбаҳор»-да машҳур футболчи бўлиб етишди ва ота орзусини рўёбга чиқарди. Ғуломжоннинг эл корига камарбаста бўлиб, кўп савобли амаллар қилишида турмуш ўртоғи Ҳабибахоннинг меҳр-оқибати, ҳамфикрлиги, руҳий мадади муҳим аҳамият касб этди. Бугунги кунда ҳам у киши фарзандлар ва набираларга бош бўлиб, «Навбаҳор-Уйчи» чорвачилик фермаси ишларини юритиб келмоқда.

Келгусида бу оиладан Ғуломжоннинг издошлари чиқишига, унинг адолат ва саховат борасидаги ишларини давом эттиришларига тилакдошмиз, Ғуломжоннинг охирати обод бўлсин.