СЎНГГИ САБОҚ

Бир жамоага келиб, у ерда ўрнашиб кетишнинг ҳам ўзига хос машаққати бор. 2007 йилда Қўрғончага ишга келганимда бу қийинчиликларни енгиб ўтишимда Марямхон опа Пўлатова(охиратлари обод бўлсин) жуда катта далда бўлганлар. У киши маҳалла маслаҳатчиси бўлиб ишлардилар. Бу инсондан самимийлик, оилапарварлик, ишга бўлган муҳаббатни ўргандим. Тез орада биз шу қадар иноқлашиб кетдикки, натижада сирдош дугоналарга айландик.

Опанинг катта ҳаётий тажрибалари маҳаллада неча-неча бузилиш арафасида турган оилаларни яраштиришда асқотган. Шу оилалар ҳали-ҳануз Марямхон опани илиқ хотиралар билан ёдлашади.

Бетобликларида йўқлаб бордик. Опанинг юзлари ҳар галгидай тиниқ, озиб-тўзмаган, кулиб турган чеҳралари ўзгармаган, бироқ толиққанлари сезилиб турарди. «Касалликники-да, ўтиб кетади», -деган хаёлда эътибор бермадим. Тез орада яна сафимизга қайтишларига ишонч ҳосил қилиб, ортга қайтдик. Аммо бир ҳафта ўтгач…

Опанинг ҳовлисида одам тўлган. Азадор қариндош-уруғлари, жигарларини кўриб, ҳайрон қолдим. Улар орасида туманнинг обрў-эътиборли кишилари талайгина. Шунча яқинлари бўлган Марямхон опа ҳеч қачон уларни рўкач қилиб, панасига ўтиб, иш битирмаган. Фақатгина ўз салоҳиятига таяниб ҳаракат қилган. Буни қарангки, опа энг сўнгги манзилига кета туриб ҳам менга мана шу сабоқни, ўгитни ўргатиб кетдилар. Инсон ўз кучи ва имкониятига таяниб иш юритиши қанчалар тўғри йўл эканини йиллар ўтгани сайин тобора теранроқ англаб боряпман.

Нодира АБДУЛАЗИЗОВА,

Қўрғонча МФЙ масъул котиби.