КУЛИБ ТУРГАН ЧЕҲРАНГИЗ…
(Падари бузрукворим Фазлиддин Баҳрамовни эслаб)
Кўзимизга нур, белимизга қувват, дилимизга роҳат, ҳар ишда мададкор, маслаҳатгўй бўлган отажоним! Сизни йўқотганимизга ҳам йил тўлди, аммо ҳали-ҳануз бунга кўниколмаймиз. Шахдам қадам ташлаб, дарвозадан кириб келаётгандек бўлаверасиз, кулимсираб турган чеҳрангиз кўз олдимиздан кетмайди. Эл-юрт орасида «Баҳрамов» деб танилган ном айтилганда ҳамма сизни тушунарди. Аллоҳ кимни сийласа, унга «устоз» мақомини бераркан. Сиз аввалига колхозчи, ҳисобчи вазифаларида ишласангиз-да, 1978 йилдан бошлаб Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежида ишлаб чиқариш таълими устаси, бош уста сифатида фаолият юритдингиз. Қанчадан-қанча ёшларга касб-ҳунар сирларини ўргатиб, жамият учун сидқидилдан хизмат қилдингиз. Бу савобли амалларингиз Аллоҳ даргоҳида қабул бўлсин.
Туманимизнинг катта ёшли одамлари сизни моҳир футболчи сифатида туман футбол жамоаси билан Уйчимиз номини мамлакатимизга таратганингизни фахрланиб эслашади.
Отажоним, сиз ўзингиздаги кўплаб инсоний фазилатларингиз билан сафдошларингиз, дўстларингиз, яқинларингиз қалбидан асло ўчмайсиз.
Умр йўлдошингиз, фарзандларингиз Ҳусниддин, Дилором, Нигоралар номидан қизингиз Нилуфар ОҚБОЕВА.

