ЎЧМАС ИЗ ҚОЛДИ

Аҳмаджон Каримов 1926 йили Уйчи қиш-лоғида туғилган. 1942 йили тўлиқсиз ўрта мактаблар учун фан ўқитувчилари тайёрлаш курсини, 1950 йили Фарғона давлат педагогика институтининг она тили ва адабиёти факультетини имтиёзли тамомлаган. У бутун онгли ҳаётини туман халқ таълими ривожига бахшида этган.

Устознинг кўп йиллик педагогик фаолияти муносиб тақдирланган. У «Халқ маорифи аълочиси», «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи» эди. Раҳматли домланинг эзгу фазилатларини ҳамон шогирдлар эҳтиром билан ёдга олишади.

Аҳмаджон Каримовнинг кўплаб маъ-рифий-ахлоқий, тарбиявий мавзулардаги оммабоп ҳамда устоз-педагогларнинг фаолиятига бағишланган «Хотиралар», «Касбим ва касбдошларим ҳақида», «Уруш уруш-да», «Интизорлик ва жудолик йиллари», «Йўқ, мен ўлган эмасман» каби мақолалари кўпчиликнинг ёдида қолган.

Аҳмаджон Каримов дурустгина таъби назми бўлиб, «Ёднома», «Ўйларим», Соғинч ва армон» каби шеърларнинг ҳам муаллифидир. Қуйида устоз ижодидан ҳавола этамиз.

 

Тилни шакар дерлар

Тилни шакар дерлар, шакарлиги рост,

Тилни заҳар дерлар, заҳарлиги рост.

Яхши сўзлар жонга озиқлиги рост,

Ёмон сўзлар бошга қозиқлиги рост.

Тирик ўлдиради заҳри қотил тил,

Ширин сўз шифодир бебаҳо – асл.

Қопгучи сўз айтган одамдир – итмас,

Қопгучи сўзларнинг яраси битмас.

Ақлнинг ўлчови тилдир, дейдилар,

Элга эътиборни шу тил билдирар.

Тилингдан бошингга ёғилар кулфат,

Тилингдан яхшилик, меҳр-муҳаббат.

Бурдсиз сўзлама, сўз кетмасин увол,

Лафзи бузуқликдан етмасин завол.

Сўзлар уммонидан қидиргин гавҳар,

Танла, топиб сўзла, сўзласанг агар.

 

Ажиб дунё экан

Ажиб дунё экан бу кўҳна дунё,

Шодлиги кам, ташвишлари кўп,

Ажиб дунё экан бу кўҳна дунё,

Доғи кўп, жумбоғи кўп, ишлари кўп.

***

Бир томонда кулги, тў-ю тантана,

Қувноқ қўшиқларнинг жаранги тинмас.

Одамлар бахтидан сўзлар мастона,

Яшамоқ даврининг суруридан маст.

***

Бир томондан қўрқув, ҳасрат, хорликда,

Юртидан бегона – сарсон-саргардон.

Очлик, юпунликда, хўрлик, зорликда,

Кулфатда эзилар одамлар ҳамон.

Аҳмаджон КАРИМОВ.