АХБОРОТ ХУРУЖИ

Сир эмаски, интернет тез ва арзон ахборот ёки маълумот олиш, етказиш ҳамда қайта ишлашда беқиёс манба саналади. Кундан-кун сафи кенгайиб, фойдаланувчилар сони ортаётган мазкур тизим дунё ҳамжамиятининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондирмоқда.

Албатта, замон талабига қараб, компьютерлар учун атайин ўйинлар ишлаб чиқарилмоқда. Отишмалар, қиличбозлик, бузғунчилик ва ҳаттоки мафиябозлик тўғрисидаги ўйинлар ҳам йўқ эмас. Бундай ўйинларни ўйнаган болалар қандай таассурот олиши мумкин? Албатта, яхши таассурот эмас. Уларнинг хулқига таъсир қилмай қолмайди. Айтиш мумкинки, интернетнинг мактаб ёшидаги болаларга фойдали томонидан кўра зарари кўпроқ ва мана шунинг учун ҳам ота-оналар, катталар ёшларимизни интернетдан қандай фойдаланаётганлигини қаттиқ назорат қилиши лозим. Акс ҳолда бу ҳолат болалар онгига оддий ҳолат тарзида жойлашиб олса, кейинчалик, минг уринманг, бу ҳолатни ўзгартириш қийин бўлади.

Мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда фарзандларимиз билан ота-оналар иштирокида тушунтириш ишларини йўлга қўйиш, миллий тармоқда ёшлар учун мўлжалланган, уларнинг дунёқараши, қизиқишлари ҳисобга олинган ҳолда веб-сайтлар очиш, ёшларнинг ахборот-психологик хавфсизлигини таъминлашга доир илмий асосларни яратиш, таълим муассасаларини интернет тармоғига улашда одоб-ахлоқ қоидаларига мувофиқ бўлмаган веб-сайтлардан фойдаланишга чекловларни жорий этиш, мафкуравий иммунитетни шакллантириш, медиа-саводхонлиги ва интернетдан фойдаланиш маданиятини ошириш, турли хуружлардан ҳимоя қилиш технологияларини янада такомиллаштириш лозим.

Зубайра БОЛТАБОЕВА,

24-мактаб ўқитувчиси.