БУЗҒУНЧИ ҒОЯЛАР ТАЪСИРИГА ТУШМАНГ

Ҳозирги кунда мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар сони 10 миллион кишидан ошди. Юртимизда 16 мингга яқин «uz» доменидаги веб-сайтлар фаолият олиб бормоқда. 200 дан ортиқ веб-сайт оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган. Таълимни ахборотлаштириш тизимида барпо этилган инфратузилмалардан, ўқиш ва бошқариш мақсадида ахборот ресурсларининг янги рақамли кўринишларидан кенг фойдаланишга йўл очилмоқда. Айниқса, замонавий ахборот-ресурс марказлари фаолияти йўлга қўйилгани таълим жараё-нини янада қизиқроқ ташкил этиш имконини бермоқда. Бироқ техник имкониятларнинг ва телекоммуникация тизимига киришнинг кенгайиши, электрон ахборот воситаларининг ривожланиши, уларнинг интернет билан мос келиши вояга етмаганлар ўртасида ахборот хавфсизлигига таҳдидни янада кучайтиради. Чунки «глобал ўргимчак тўри» ҳар қандай кўринишдаги муҳим ахборотлар билан бирга бемаъни, вайронкор ғоя ва бузғунчи мафкураларни тарғиб этувчи фото, видео ва бошқа кўринишдаги маълумотлар йиғилиб қолган «омборхона»га айланган. Ҳеч бир давлатда интернет маълумотларини саралайдиган ахборот фильтрация тизими ўрнатилмаган.

Ҳар биримиз келажагимиз бўлган ёш авлодни дастлабки кунларданоқ интернетдан тўғри фойдаланишга ўргатиш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш йўлларини таълим-тарбия билан биргаликда олиб боришимиз зарур.

Ирода ИСМОИЛОВА,

32-мактаб ўқитувчиси.