ЭЪЗОЗДАГИ КЕКСАЛАР

Бугун дунёда миллионлаб инсонлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганини ҳеч ким унутмайди. Уйчи туманидан Иккинчи жаҳон урушига 7430 нафар киши кетган бўлиб, улардан 3989 нафари фронтда ҳалок бўлган, 740 киши бедарак йўқолган, 2701 нафари эса оилаларига қайтиб келган бўлса, бугунги  эркин ва фаровон замонда уларнинг 5 нафари кексалик гаштини сурмоқда.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари – Исматилла ота Раҳматиллаев, Юсуфжон ота Усмонов, Абдуқаҳҳор ота Эшматов, Мадамин ота Абдуллаев, Аҳмаджон ота Мамадалиевлар бугунги кунда умргузаронлик қилиб, фарзанд ва набиралари, эл ардоғидалар. Уларга 5 миллион сўмдан бирйўла пул ҳамда тилла соат мукофотлари берилди, тураржойи ва уй хўжаликлари таъмирланди, Президентимизнинг байрам

совғалари, табрикномаси тантанали тарзда топширилди. Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши, мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши, «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлимининг табрикномаси ва совғалари ҳам тақдим этилди. Уйчи саноат, транспорт ва алоқа, Ғайрат педагогика, Уйчи спорт коллежлари, 21, 23, 27, 28-мактаблар ўқувчилари фахрийларни бадиий чиқишлари билан мамнун этдилар.

Иккинчи жаҳон уруши даврида жасур ўғлонларимиз фронтда қаҳрамонликлар кўрсатган бўлсалар, фронт ортида ҳам кексалар, аёллар, болалар кўрсатган жасорат фронтдагидан кам бўлмаган. Туманимизда истиқомат қилаётган 165 нафар фронт орти фахрийси ўша даврда Ватан учун, ғалаба учун, порлоқ келажак учун фидокорона меҳнат қилганлар. Байрам арафасида бу фахрийларга туман ҳокимлигининг қалб сўзлари битилган байрам табрикномалари йўлланди.

Ўнҳаятлик Турдали Маллабоев, Қаҳрамон маҳалласидан Бойхонбой Бозорбоев, Мустақиллик маҳалласидан Иминжон Раззоқов, Соку маҳалласидан Умарқул Эгамов, ғайратлик Абдумўмин Омонов каби фронт орти фах-рийлари эъзоз ва эътибор учун миннатдорчилик билдирдилар.

Хотира ва Қадрлаш куни тантаналари тамомила янги қиёфага кирган «Мустақиллик боғи»да кўтаринки руҳда нишонланди. Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди. Туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев, Республика “Нуроний” жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаевлар йиғилганларни айём билан самимий муборакбод этиб, фахрийларга байрам совғаларини топширдилар. Подполковник Набижон Ортиқовнинг 80 ёшга тўлиши муносабати билан туман ҳокимлигининг “Ташаккурнома”си тақдим қилинди.

Туман маданият бўлими санъаткорлари, 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби истеъдод эгалари томонидан бадиий дастур намойиш қилинди.

Шу куни «Мустақиллик боғи»да тадбиркор Дилмурод Ҳайдаров томонидан ташкил этилган янги аттракционлар ишга туширилиб, болажонлар дилдан яйраб, қувнадилар.

Исмоил МАВЛОНОВ,

туман ЎСТК бошлиғи.