КАСБГА САДОҚАТНИ ЎРГАТГАН ОТАМ

Отажоним Сайфиддин Жўраев, сизни охиратга кузатганимизга ҳам тўрт ой бўлди. Шу вақт мобайнида сизни эсламаган, хотирламаган бирон кунимиз йўқ. Ҳаммамиз – ўғил-қизларингиз, невара-чевараларингиз сизнинг яхши амалларингиз ва ўгитларингизни ёд этамиз. Айниқса, онам: «Отангиз бир тоғ экан, шундай тоғ ҳам қулади-я, охиратлари обод бўлсин», -деб қўядилар. «Вақт дардга даво», -дейдилар. Йўқ, вақт ўтгани сайин соғинч ортганидан ортяпти.

Отам умрининг 60 йилини аграр соҳага – қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга бахшида этган фидойи инсон эдилар. Ҳатто соғлиқлари йўқолиб, ётиб қолганларида ҳам газета ва журнал, телевидение орқали янгиликлардан бохабар бўлиб турар, телефон орқали бўлса ҳам ёш мутахассисларга керакли маслаҳатларни берардилар.

Отамиз биз – беш қиз, икки ўғилни ўзларидек ҳалол, виждонли, меҳнатсевар қилиб тарбияладилар. Фарзандлардан уч нафари шифокор, икки нафари ўқитувчи, катта ўғил муҳандис, кичкинаси эса тадбиркор бўлиб, ота-она орзуларини амалга оширмоқдамиз. Ана шундай ўз ишига собитлик, иродалилик, фидойилик набиралар қонига ҳам сингган. Отажоним ҳамма ишга виждонан ёндашар эдилар. Бошқалардан ҳам шуни талаб қилардилар.

Дадам чидамли, бардошли одам эдилар. У кишининг илк бор Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И.А.Каримов вафот этганда йиғлаганларига гувоҳ бўлдим. Синглим Ёқутхон (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) бетоб бўлиб бир йилгина ётди-да, оламдан кўз юмди. Фарзанд доғи ёмон бўлар экан. Орадан бир йил ўтиб, отажоним ҳам дорулбақога рихлат қилдилар.

Юртимизда кўп яхши ишлар амалга ошди. Аллоҳ яна бир бор халқимизни сийлади: одил раҳбар юрт тепасига келди. Отам: «Бу киши жуда билимдон, халқ орасида юрган. Ҳали кўрасизлар, халқимиз, юртимиз учун кўп хайрли ишлар бўлади», -дердилар. Отажон, ўша сиз айтган хайрли ишлар амалга ошмоқда. Шу кунларда кексалик гаштини суриб яшасангиз қандай яхши бўларди.

Охиратингиз обод бўлсин. Барча эзгу ишларингиз, халқ фаровонлиги йўлидаги хизматларингиз савоб бўлиб ёзилсин.

Зулхумор ЖЎРАЕВА,

33-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.