ЮКСАК ПАРВОЗЛАР САРИ

Енгил атлетикага спортнинг қироли, дея бежиз таъриф беришмаган. Азалдан ушбу спорт  тури стадион узра ва телеэкран қаршисига миллионлаб мухлисларни жалб қилиб  келган.

1965 йилда бўлиб ўтган Иккинчи Бутуниттифоқ спартакиадаси ҳам эслашга арзирли воқеаларга бой бўлган.

…Ўнкураш мусобақаларининг иккинчи куни. Лангарчўпда сакрашнинг ҳал қилувчи босқичи. Баландлик 3 метр 90 сантиметр. Ўнлаб иштирокчилардан атиги тўрттаси қолган.  Стадион узра ўзбекистонлик атлет Ҳабибулла Усмонов номи жаранглаганда, олқиш ва ҳайқириқлар майдонни тўлдириб юборди. Марказий Осиё терма жамоаси вакили бўлган, 25 ёшли ҳамюртимиз бундан аввалги тўсиқлар оша 100 ва 110 метрга югуриш, баландликка сакраш (кўрсаткич 185 см.), узунликка сакраш (кўрсаткич 7 метр) мусобақаларида барчанинг эътиборини қозониб, «публика севимлиси»га  айланиб улгурганди.

Ҳабибулла лангарчўпни кафтлари орасига сиқиб мўлжал томонга йўналтирди-да, бир оз сукут сақлади. Ўйингоҳ тўла одам бир маромда «гурс-гурс» олқишлаб, уни қўллаб турарди. Спортчи гавдасини орқага ташлади-да, бир силкиниб, олдинга интилди. Мойланган ўқдай учиб борар экан, юзига Москванинг салқин ҳавоси майин урилаётганини, стадион ҳатто нафас  олмай жимиб қолганини, қадамлари гурсиллаб йўлакка урилишини ҳис этарди.

Шу алфозда ўзбек ўғлони қадимги грек паҳлавони, афсонавий Гераклни эслатарди. У мўлжални тўғри олди: қадамлар аниқ тақсимланган, лангарчўп учи кўзланган  нуқтага қадалди. Бутун гавдасини юқорига отган атлет гўё ернинг тортишиш кучини енгиб, юксакларга парвоз қилаётгандек баландликка енгил кўтарилди. Оёқлари  ва гавдаси билан ҳавода камон шаклини ясаб юқоридаги тўсиқдан ошиб ўтди. Жим турган оломон  ҳайқириқлар билан ўйингоҳни бошига кўтарди. Барча ўрнидан туриб олқишлар, Ҳабибулла уларга миннатдорчилигини билдирар, нигоҳлари  минглаб мухлис қаршисида энг қадрлиси бўлган инсон ўтирган секторга қадалганди. Бу ерда уни қўллаб-қувватлаш учун келган умр йўлдоши  Раҳимахон ҳам бор эди…

Ҳабибулла мамлакат терма жамоасига Республика жисмоний тарбия институти талабаси пайти-даёқ аъзо бўлиб улгурганди. 1962-68 йилларда мамлакат шаънини  муносиб ҳимоя қилди. Иттифоқ терма жамоаси таркибида Индонезиядаги мусобақада совриндор бўлиб қайтди. Ўз даврида Россиянинг барча йирик шаҳарлари, Болтиқбўйи ва Кавказ орти мамлакатларида истеъдоди орқали мухлислар тўплай олган.

Ҳабибулла ака катта спорт билан хайрлашгач, жонажон диёри Наманганга қайтади. Энди ўз билим ва тажрибаларини ёш авлод таълим-тарбиясига  йўналтиради. Наманган давлат педагогика институтида янги жисмоний тарбия факультетининг очилишига бош-қош бўлади. Шу факультет декани, кафедра мудири лавозимларида 40 йилдан зиёд  самарали меҳнат қилади. Доцент илмий унвони, маориф аълочиси даражаларига сазовор бўлади. Унинг ташаббуси билан Мамай қишлоғида спорт  лагери барпо этилади. Бутун мамлакат бўйлаб минглаб шогирдларни етиштириб, Ҳабиб Ортиқович деган шарафли номга сазовор бўлади. Улар орасида республика ва халқаро миқёсдаги чемпионлар, совриндорларни санаб, адоғига етиб бўлмайди. Биргина Муҳаммадқодир Абдуллаев, Тўлашбой Дониёров номлари домла қўлида  таҳсил олганлар салмоғини яққол намоён этади. Туман спортига муносиб улуш қўшиб келаётган Собиржон Жўраев, Носиржон Азизов, Абдусалом Ҳожимирзаев, Шавкатжон Аҳмедов, Бахтиёр Турғунпўлатов, Баҳодир Мадаминов устознинг турли йилларда  етишиб чиққан шогирдларидан.

Бугун Ҳабибулла ака кексалик гаштини сураётган табаррук нуронийлардан. Турмуш ўртоғи Раҳимахон  ая Абиджанова билан аҳил турмуш қуриб, уч фарзандни вояга етказишди. Ўғиллари Баҳодир ака  НамДУ ўқитувчиси, Бахтиёр ака ҳуқуқни муҳофаза қилиш органида,  қизлари Шаҳноза опа ўқитувчи.

-56 йиллик турмушимиз давомида  бирор марта  «сен» дея гапирмаганлар, -дейди Раҳима опа хонадон соҳиби ҳақида сўзлар экан. -Биз жуда аҳил оиламиз. Барча мусобақаларига мухлис бўлиб борганман. Ҳатто Ҳаж зиёратига ҳам  бирга бориш насиб этганига  шукр.

Қаҳрамонимиз хонадонида меҳмон бўлганимиз-да спортимизнинг бизга маълум ва номаълум кўпгина тарафларини қайтадан  кашф  қилдик. Ҳабибулла ҳожи ота билан ширин суҳбат қурдик. Бир намунали хонадоннинг ўтмиши ва бугунидан ҳикоя қилувчи оилавий  альбом билан  танишдик. Қайтар чоғимизда отахон бизни эски қадрдонлардай бағриларига босиб кузатдилар. Ташрифимиз ташкилотчиси, Ҳабиб Ортиқовичнинг шогирди Абдуғаффор ака Режаббоев билан бутун оила жам бўладиган куни яна бир бор йўқлаб келишни ният қилиб, ортга қайтдик.

Хуллас, ўзбек енгил атлетикаси пойдеворини яратганлардан бири бўлмиш ҳамюртимиз Ҳаби-булла ҳожи Усмонов ҳақидаги маълумотларнинг  «бир шингили»ни эътиборингизга ҳавола этдим. Агар у киши ҳақида кўпроқ билишни истасангиз, марҳамат, Ўнҳаят шаҳарчасидаги Овчибулоқ маҳалласига боринг. Ҳамқишлоқлар сизга бажонидил ҳамроҳлик қиладилар.

Абдулҳаким НИШОНОВ.