ИЖОБИЙ ҲАЛ ЭТИЛМОҚДА
Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан жамиятни янада демократлаштириш, бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларда раҳбарларнинг бурч ва масъулияти, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва онгли равишдаги фаоллигини тубдан кучайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бундан кўзда тутилган эзгу мақсад давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб номланиши ҳамда шу ном билан қабул қилинган давлат дастурининг мазмун-моҳиятида ўз ифодасини топган. Дастурга унда белгиланган истиқболли йўналишларнинг барчаси бўйича ишлар одамларнинг орзу-мақсадлари, талаб ва эҳтиёжлари, фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда халқ билан бамаслаҳат амалга ошириш ғояси сингдирилган.
Ушбу эзгу амалларни ўзида мужассам этган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари жуда қисқа фурсат ичида аҳолини ўйлантириб келаётган долзарб масалалар ечимини топиш, давлат бошқаруви органлари билан фуқаролар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, эмин-эркин мулоқот қилиш механизмини яратиш имкониятини берди.
Мамлакатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони асосида ташкил қилинган мазкур институт жамиятимизда адолат устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманимиздаги Халқ қабулхонаси фаолият бошлаганидан буён фуқароларимизнинг кўплаб муаммолари ўз ечимини топмоқда.
Шу кунгача 360 дан ортиқ ёзма, 500 дан зиёд оғзаки мурожаат қайд этилди. Жумладан, Ўнҳаёт шаҳарчаси Ўнҳаёт маҳалласида яшовчи фуқаро И.Муҳиддинов тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун банкдан кредит маблағининг ажратилишига амалий ёрдам беришни сўраган. Ушбу мурожаат кўриб чиқилиб, И.Муҳиддиновга Миллий банк Уйчи филиалидан 5 млн. сўм кредит маблағи ажратиб берилиши таъминланди.
Ровот шаҳарчаси, Мустақиллик маҳалласида яшовчи А.Ҳожиевнинг мурожаати атрофлича ўрганилиб, унинг мебель тайёрлаш фаолияти билан шуғулланиши учун маҳалладаги қаровсиз бино ажратилишига кўмаклашилди. Ёрқўрғон қишлоғи Хўжаобод маҳалласида яшовчи Х.Мурғубоевага «Мега текстил» корхонасида ишлаган даври учун тўланмаган иш ҳақи ундирилиб берилди.
Бундан ташқари, ғайратлик К.Маъмурованинг хонадонини таъмирлаш учун моддий ёрдам сўраб, ёрқўрғонлик З.Таваккалова, К.Исақова, Л.Жалолованинг алимент пулини ундириш учун қилган мурожаатлари ҳам қонуний ечимини топди.
Шу каби мурожаатлардан 80 дан ортиғига тушунтириш берилди ва ижобий ҳал этилди.
Жамолиддин НИЗАМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Уйчи туманидаги Халқ қабулхонаси мудири.

