УСТОЗЛАР ЁДИ

Киши ҳаётида ота-онадан сўнг ўчмас из – хотиралар қолдирадиган азиз инсонлар бўлади. Булар муаллим устозлардир. Биз, туманимиздаги 34-мактабда 1975-85 йилларда таҳсил олган синфдошлар, бизга сабоқ берган, қўлимиздан тутиб, ҳаёт йўлларига йўллаган улуғ устозларимизни ҳар он, ҳар сония ёдлаб, хотирлаб юрамиз.

Илк бор қўлимизга қалам тутқазиб, ҳарф танитган муаллимимиз Нуриддин ака Сотиболдиев меҳрибон, бағрикенг инсон эдилар. Ҳар биримизнинг феъл-атворимизнинг шаклланишида бу инсоннинг билим ва тажрибалари муҳим аҳамият касб этганлигини йиллар ўтиб англадик.

Ўша даврда мактабга Аҳмаджон ака Тожибоев директорлик қилгандилар. Мактабни туман ва вилоят миқёсида танитган, аҳил-иноқ жамоани шакллантирган, таълим-тарбия самарадорлигини таъминлаган ва ўзининг кўплаб инсоний фазилатлари билан намуна бўлган шу табаррук инсон эдилар. Ҳозир ҳам бу устознинг панд-насиҳатларини олиб турамиз. Шунингдек, бизнинг дунё ва жамият ҳақидаги билимлар асосини эгаллашимизда, одамийлик сир-асрорларидан баҳраманд бўлишимизда Н.Холмирзаева, М.Ҳожиев, М.Сиддиқов, М.Усмоналиев, М.Қамбаров, Б.Усмонов (охиратлари обод бўлсин)ларнинг, И.Зиятов, Б.Жабборов (умрлари узоқ бўлсин)ларнинг машаққатли ва шарафли меҳнатлари, билимлари ва ҳаётий тажрибалари ғоят қўл келганлигини чуқур идрок этамиз.

Биз,  синфдош дўстлар, яна бир салоҳиятли устоз ҳақида алоҳида тўхталишни лозим топдик. Бу қалби дарё, меҳри уммон устоз Содиқ ака Фатхулин эди. Айни ўсмирликдан балоғат ёшига ўтишдек мураккаб бир даврда бизга Содиқ ака синф раҳбари бўлганди. Бу даврда, ҳозир билсак, ҳар биримизга алоҳида, ўзига хос муносабат зарур бўлган экан. Ўттиз беш нафар ўқувчига ўттиз беш хил муносабатни қила олган, ҳеч биримизга ноҳақлик ёки қўполлик қилмай, шўхликлару бебошликларимизга сабрли бўлиб, ўзининг ғоят ноёб фазилатларини намоён этган муҳтарам устоз Содиқ ака эдилар. Биз Содиқ акадан мардликни, тантиликни, сахийликни, асосийси, инсонийликни ўргандик. Ҳозир ҳам бояғонликлар «Фатхулин домла» дейилса, дарров у кишининг яхши ишу яхши хулқидан сўз очадилар. Бу муҳтарам устозимизни ҳам Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.

Синфдошлар номидан Олимжон АБДУЛЛАЕВ, Сайфиддин АКБАРОВ, Маҳамадали КАРИМОВ.