ИНСОН ХОТИРАСИ – МУҚАДДАС

Хотира ва Қадрлаш кунининг мамлакатимизда кенг нишонланадиган шонли саналар ва байрамлар ичида алоҳида ўрни бор. Чунки у ҳар бир фуқаро учун муқаддас кун ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда  эълон қилинган ушбу санага тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги  қарорида таъкидланганидай, юртимиз тараққиётига ҳисса қўшган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг халқимизга хос азалий қадриятдир. Айниқса, ўз вақтида фашистлар Германияси бошлаган урушда мамлакат озодлигини бевосита жанг майдонларида ёки фронт орқасида ҳимоя қилган инсонларни ёдга олиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир.

Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан ўтказилган  тадбирларга «Инсон қадри – улуғ, хотира – муқаддас», «Мардлик, бурч ва садоқат» шиорлари бош мавзулар қилиб олинган. Яна бир муҳим жиҳат – Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари кўрсатган матонат, мардлик ва жасоратнинг аҳамиятини кенг аҳоли тоифалари, айниқса,  ёшлар ўртасида тушунтириш, тарғиб ва ташвиқ этиш бўйича маданий-маърифий ва ватанпарварлик йўналишидаги тадбирлар уюштириш ҳам кўзда тутилган. Бу билан  биз аждодлар олдидаги муқаддас бурчимизни бажарган бўламиз.

Гавҳархон ВАЛИЕВА,

19-мактаб ўқитувчиси, туман Кенгаши депутати.