МУТОЛААГА ҚИЗИҚТИРИШ УСУЛЛАРИ

Ёмғирнинг эзиб ёғиши, ўчоқдаги ўтиннинг ора-ора чисирлаб ёниши куз завқининг бир кўриниши бўлса керак. Эсимда, ҳар гал бобом, гарчанд ўзлари ўқиб берсалар-да, оқшом тушиши билан: “Бугун нимани ўқиймиз?” -дер эдилар. Мен ҳам жим турмасдан: “Ҳа, кўп нарсалар ўқиймиз, эртаклар ўқиймиз”, -деб сандал ёнига ошиқар эдим.

Бироқ ҳозир ҳам шундайми? Ҳурматли замондош, нима учун ёшларимиз китоб ўқимай қўйдилар, китобдан завқланмайдилар? Сўнгги вақтларда қулоғимизга чалинаётган энг кўп гаплардан бири вақтнинг тезлашиб кетгани, ҳеч нимага улгуриб бўлмаётгани тўғрисида эшитиб қоламиз. Пул, молу давлат топгани, шу тиғиз вақтдан ҳам унумли фой-даланиб қолиш учун ишга, ўқишга, қанақадир бизнесга, яна бир нима-ларга шошамиз. Бу ҳолатларни кўриб, тарбия топаётган ёшларимиз-дан яна нималарни кутиш мумкин? Ўзимизга савол бериб кўрайлик: охирги маротаба қандай мазмундаги китоб ёки мақолани мутолаа қилдик?

Боланинг ривожланишини, қабул қилиш физиологиясини ота-она билиши шарт. Бунга ақли етмаса, мутахассисга мурожаат этиши лозим. Мен юқорида бобомнинг ҳикояла-рини бежиз мисол қилиб келтирганим йўқ. Китоб мутолааси учун, энг аввало, ота-она, бобо ва бувижонларнинг саводхонлиги муҳим аҳамият касб этади. Китобга меҳр уйғотиш ундаги мазмун-моҳиятни очиб беришга боғлиқ. Фарзандингизга китоб ўқиб берар экансиз, унинг энг аввало, сюжетига, қаҳрамонларига, воқеаларига кўпроқ урғу беринг, болангиз у билан яшасин. Ўқитиш жараёнида бола томонидан берилган ҳикояга оид ҳар бир саволга эринмасдан жавоб бериб кетинг. Шундагина фарзандингиз  шунчаки тинглаб қолмасдан, фикрлашни, саволлар беришни ўрганади. У савол беришни бошладими, демак, сиз мақсадга эришишга илк қадамни босдингиз ҳисоб. Энди болани зериктириб қўймасдан, оз-оздан, биргалашиб ўқийверасиз. Вақтлар ўтиб, фарзандингиз улғаяр экан, фанга оид китобларга кириб боришида, болаликдаги ўқиган эртакларининг воқелиги, мақсадлилиги, яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги кураш унга завқ бағишлаб бораверади. Китоб шундай мўъжиза эканки, у чиққан чўққига, у эгаллаган мақомга, олий рутбага ҳар қандай кашфиёт чиқолмайди. Зеро, китоб ҳаёти-мизнинг бир бўлаги бўлиб қолаверади.

Муқаддасхон БОБОНОВА,

8-мактабнинг тасвирий санъат фани ўқитувчиси,

Наима ЖЎРАЕВА,

шу мактаб психологи.