Ёмғир

Улкан  осмон бўйнида,

Қуёш-ойнинг қўйнида,

Ўйнар эди булутлар

Бир-бирининг ёнида.

Югуриб келиб зимдан,

Урилиб кетди бирдан.

Зарбига ҳеч чидолмай,

Булут йиғлади чиндан.

Оқди кўзидан  ёши,

Оғрир бечора боши.

Келмас бировнинг раҳми,

Булут қоқади қошин.

Қуёш бобо бел боғлаб,

Булутлар кўнглин чоғлаб,

Бошланди яраш-яраш,

Ой чиқди уни ёқлаб.

Тинчиди яна осмон,

Ҳамма шод, хурсанд ҳамон.

Лекин бироз вақтдан сўнг

Булутлар ўтар ёмон.

Саида АХУНОВА.

Иттифоқ МФЙ.