БОЛАНГИЗГА ЭЪТИБОРЛИ БЎЛИНГ

Бугунги кунда ёшларимизнинг жаҳон андозалари талабларига жавоб берадиган замонавий ўқув юртларида таҳсил олаётганликларидан кўзимиз қувонади, қалбимиз ғурурга тўлади. Айниқса, ахборот-коммуникация воситаларидан, компьютер ва интернет тармоқларидан фойдаланиш жуда кенг йўлга қўйилган. Ўқувчи ва талабалар ўзларига керакли бўлган маълумотларни кутубхоналарга бориб изламасдан, уйдан туриб, бемалол ўқиш имкониятига эгалар. Бадиий адабиёт, дарсликлар ва видео дарсликларнинг аксарият қисмини электрон кутубхоналардан қийинчиликсиз топиш мумкин.

Агар бола виртуал оламни кундалик турмуш тарзидан кўра қизиқарлироқ, деган хулосага келса, у ҳолда соатлаб компьютер ёнидан турмайди, ўзини шу оламнинг бир бўлаги деб ҳисоблай бошлайди. Натижада психологияси бутунлай ўзгариб, у одамларга қўшилмасдан, ўз оламида яшай бошлайди. Ачинарли томони шундаки, оиланинг, ота-онанинг ўрнини бошқа нарсалар эгаллайди, тармоқдаги «дўстлар» кўпроқ аҳамият касб этади.

Ҳозирги кунда ривожланган мамлакатларда кўплаб мутахассислар ушбу муаммонинг ечими устида бош қотиришяпти. Улар, биринчи навбатда, болага интернетга киришда маълум бир чекловлар қўйишни амалга оширадиган дастурларни ишлаб чиқишди. Бундай ҳолатда бола ҳеч бўлмаганида ўзининг ёшига мос сайтларга киради. Албатта, вақт масаласига ҳам эътибор бериш лозим. У бўш вақтини оила ва дўстлари даврасида ўтказгани мақсадга мувофиқдир.

Ёшларимиз учун доимий тарзда ишлаб турган ўзимизнинг миллий сайтларимиз ҳар томонлама қулайдир.

Ойдина МАДРАҲИМОВА,

28-МТМ тарбиячиси.