ХАЛҚАРО ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ

Нурилло Абдуллаев мактабимизнинг истеъдодли ва иқтидорли ўқувчиларидан. У 6-синфда ўқийди. Болалигидан 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида устози Носиржон Мирзабоев қўл остида мусиқа ва қўшиқчилик санъати сир-асрорларини пухта эгаллаб келмоқда.

Жорий йилнинг 20-23 апрель кунлари Белорусиянинг пойтахти Минск шаҳрида «Кубок Европў» халқаро танлови бўлиб ўтди. Унда дунёнинг  бир қатор мамлакатларидан келган маҳоратли ёшлар орасида  Нурилло Абдуллаев ҳам иштирок этди. Унинг француз  тилида куйлаган «Juten» қўшиғи барчани тўлқинтириб юборди ва олқишларга сазовор бўлди.  Якунда  эстрада хонандалиги йўналиши бўйича 12-14 ёшлилар ўртасида бош соврин айнан бизнинг вакилимиз Нуриллога топширилиб, у «Гран-При» соҳиби бўлди. Шунингдек, 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби директори, «Ниҳол» мукофоти совриндори Бекзод Баҳромов ҳам мазкур танловда 21-25 ёшлилар ўртасида эстрада хонандалиги йўналиши бўйича 1-ўринни қўлга киритди.

Ўтган ҳафта туман ҳокимлигида бўлган маросимда мамлакатимизга, туманимизга шараф келтирган истеъдод эгаларини туман ҳокими Абдуғани Турдиев қабул қилди. Туманимиз раҳбари Нурилло Абдуллаев, унинг устози Носиржон Мирзабоев ҳамда Бекзод Баҳромовга диплом ва эсдалик совғаларини тантанали тарзда топширди. Ўз навбатида, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлагани учун тадбир ташкилотчилари томонидан туманимиз ҳокими номига билдирилган «Ташаккурнома» тақдим этилди.

Матлуба  ХОЛМОНОВА,

37-мактаб ўқитувчиси.