ВАҚТИДА ПАСПОРТ ОЛИНМАСА…

Саволларга туман ИИБнинг паспорт бўлинмаси бошлиғи, майор Элёрбек ТУРДИЕВ жавоб беради.
Савол: -Вояга етган фарзандим биринчи марта фуқаролик паспорти олмоқчи. Ушбу ҳужжатни биринчи марта олиш тартиби қандай?
Жавоб: – Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини ва унинг эгаси шахсини тасдиқловчи асосий ҳужжатдир.
Мамлакатимиздаги мавжуд қонунларга кўра 16 ёшга тўлган барча фуқаролар Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортига эга бўлишлари шарт.
Фуқаро 16 ёшга тўлган кунидан бошлаб, 1 (бир) ой муддат давомида ҳудудий ички ишлар бўлимининг паспорт бўлинмасига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим: туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, ота-онасининг фуқаролик паспорти нусхалари, доимий яшаш жойидан фотосурати ёпиштирилган маълумотнома, давлат божини тўлаганлиги ҳақидаги тўловнома.
Савол: -Паспорт олиш учун вақтида мурожаат этилмаса, қандай чора кўрилади?
Жавоб: -Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 13-моддасида «Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган пайтда 16 ёшга тўлган шахслар маъмурий жавобгарликка тортиладилар», -деб кўрсатилган. Шунга асосан, фуқаро 16 ёшга тўлган кунидан бошлаб 1 (бир) ой муддат давомида ҳудудий ички ишлар бўлимининг паспорт бўлинмасига мурожаат қилмаган тақдирда ўзининг яшаш манзилига хизмат кўрсатувчи профилактика инспекторига мурожаат қилиши лозим ва профилактика инспектори фуқаронинг мурожаатига асосан белгиланган тартибда ҳужжатларни тайёрлаб, судга тақдим этади. Суд Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 21, 33, 3081-моддаларига асосан маъмурий жавобгарликдан озод қилиши ёки енгилроқ маъмурий жазо чорасини қўллаши мумкин.