ЎЗАРО ТАЖРИБА МАЙДОНИ
Мактабимизда «Умумий ўрта таълим мактабларида инглиз тили фанини ўқитишда замонавий коммуникация ва инновацион технологиялардан самарали фойдаланиш» мавзусида вилоят семинари бўлиб ўтди.
-Ушбу семинарни ўтказиш учун айнан бизнинг маскан танлангани бежиз эмас, -дейди ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Мўминжон Убайдуллаев. -Инглиз тили фани ўқитувчиларимизнинг таълим-тарбияда эришаётган муваффақиятлари бунга туртки бўлди.
Ҳақиқатан ҳам, шу куни мак-таб ўқитувчиларидан Гулчеҳра Мамасолиеванинг 9-синфда, Гулноза Акралованинг 3-синфда ўтиб берган очиқ дарслари, Алимардон Акраловнинг тақдимоти педагогларимизнинг тажриба ва маҳоратларини яна бир бор намойиш этди.
Вилоят халқ таълими бошқармаси, туман халқ таълими бўлими вакиллари, қўшни туманлардан келган фан ўқитувчилари семинарда очиқ дарслари билан иштирок этган 3-мактабдан Муаззам Исмоилова, 40-мактабдан Нозима Ҳасанова, 21-мактабдан Фароғат Баҳодироваларнинг фаолиятларига ҳам юқори баҳо бердилар.
Куннинг иккинчи ярмида 2-«А» синф (раҳбари Қ.Дарвишева)нинг инглиз тилида тайёрлаган бадиий дастури намойиши бўлди.
Якуний йиғилишда сўз олган мутасаддилар семинарнинг юқори савияда ташкил этилганига алоҳида урғу бердилар.
Акрамжон ЮНУСОВ,
29-мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари.

