ЎКСИК ҚАЛБЛАРГА СЕВИНЧ
Туман марказидаги «Мустақиллик боғи»да бўлиб ўтган бир пиёла чой устидаги тадбирда 15 нафар ногиронга ногиронлар аравачаси, 25 нафар фуқарога эшитиш мосламаси топширилди. Тадбирда туман ҳокими Абдуғани Турдиев сўзга чиқиб, бундай хайрли ишлар давом этишини айтди ва улар тезроқ соғайиб кетишларини билдирди.
-Олти ойдан буён саломатлигим яхши бўлмай, ногиронлик аравачасига муҳтож бўлиб қолган эдим, -дейди Беруний МФЙда яшовчи биринчи гуруҳ ногирони Хадича Насриддинова. -Бугун менга ҳам ногиронлик аравачаси топширилди. Бундан қалбим чексиз қувончга тўлди.
-101 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси, 40 нафар эҳтиёжмандга эшитиш мосламаси топширилиши режалаштирилган, -дейди туман тиббиёт бирлашмасининг ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлими бошлиғи Маҳаммаджон Ҳайдаров. -Шу кунларда навбатда турган фуқароларимизга бу ногиронлик аравачаси ва эшитиш мосламасини етказиб бериш ҳаракатидамиз.
Юзи-ю кўзларида қувонч порлаган ҳамюртларимиз саодатли кунларга шукроналар келтириб, миннатдорчилик билдирдилар. Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари томонидан дилрабо куй-қўшиқлар янграб, ўксик қалбларга севинч улашилди.

