«ТОЛЗОР»ДА ШОДИЁНА

Ёрқўрғон қишлоғининг Боғ кўча маҳалласида жойлашган «Толзор» мажмуаси шу қишлоқдаги энг сўлим ва обод масканлардан. Қишлоқнинг катта-кичик тадбирлари, байрамларни ўтказиш бу ерда анъанага айланган. Мажмуа ходимларининг очиқкўнгил ва самимийлиги, намунали хизмати барчани шу масканга ундайди.
«Хотира ва Қадрлаш куни» арафасида қишлоқ ҳудудидаги Тепасарой, Янгичек, Муборак, Оқтош, Боғ кўча, Хўжаобод, Тошлоқ маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамкорлигида ташкил этилган «Инсон – азиз, қадр – абадий» деб номланган тадбир бу ерда ўзгача шукуҳда нишонланди. Байрам дастурхони атрофидан қишлоқнинг энг эъзозли ва табаррук нуронийлари, фаоллар жой олишди, уларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.
Шодиёнада туман ҳокимининг ўринбосари Насибахон Собирова, Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаев, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раисининг ўринбосари Абдимуталли Нажмиддинов, меҳнат фахрийси Каримжон Раҳмонов ва бошқалар эзгу тилаклар билдирдилар.
Ёрқўрғон қишлоқ маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги ансамбль хонандалари Риво-жиддин Шамсиддинов, Шокиржон Аҳмедовлар ижросидаги куй-қўшиқлар тадбирга ўзгача файз бағишлади.
Тадбирни ўтказишда «Носиржон чорва файз» оилавий корхонаси раҳбари Умида Риззабоева, тадбиркорлар Носиржон Риззабоев, Шуҳратжон Абдуллаев фаоллик кўрсатишди.
Умиджон СУЛТОНОВ,
Тошлоқ МФЙ масъул котиби.