ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ ЗАРУР
Бугунги кунда ахборот ва техника ривожланиши улкан фойда келтираётган бўлса-да, баъзан ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бунга мисол қилиб турли клублар, ёшларнинг ўзига тушунарсиз бўлган ғарбча қўшиқлар, бешафқатликка ундовчи компьютер ўйинлари, интернетдаги танишув ва ҳоказоларни айтишимиз мумкин. Гоҳида интернет клубларида навбатлари келишини сабрсизлик билан кутаётган болаларни кўриб, ачинасан киши.
Асосий вақтини уйида, оиласига кўмаклашиш билан ўтказиш ўрнига кўчаларда санғиб юрган болаларнинг ота-оналари наҳот шунчалик бепарво бўлишса? Қизларнинг европага тақлид қилиб, беҳаё кийинишлари, ўғил болаларнинг бачкана либослари наҳот замон тақозоси бўлса? Баъзилардан: «Ота-онамнинг ўзлари шундай юришимни хоҳлашади», -деган гапларни эшитамиз. Балки айрим ота-оналар ўзлари тарбияга муҳтождирлар. Бундай ота-оналар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш лозим, деб ўйлайман. Бугунги кунда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мана шундай ёшларни соғлом ҳаётга қайтариш билан ҳам шуғулланмоқда. Бу йўлда ташкилотимиз қошида бепул тўгараклар ташкил этилиб, уларни кенг миқёсда мазкур тўгаракларга жалб қилинмоқда.
Исмоил ТЎХТАМИРЗАЕВ,
Жийдакапа қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежининг бошланғич ташкилот етакчиси.

