БЕҒАРАЗ ЁРДАМ ВА КЎМАК

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти (ҚЯОЖ) Наманган вилояти ташкилоти томонидан 8 май – Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Ҳаракати куни муносабати билан бир қатор маънавий-маърифий ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Дарвоқе, Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Ҳаракатига Швейцария фуқароси Анри Дюнан томонидан 1963 йил 8 май куни асос солинган.
Бугунги кунда дунё бўйича 188 дан зиёд мамлакат Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Федерациясининг аъзоси ҳисобланади. Жумладан, Ўзбекистон ҳам 1995 йил ноябрдан буён ушбу Федерациянинг тенг ҳуқуқли аъзосидир.
Мазкур жамият 1995 йилда халқаро Қизил Хоч Қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида «Қизил Ярим Ой» номидан ва унинг тегишли тимсолидан фойдаланиш ҳуқуқига эга ягона миллий жамият сифатида эътироф этилган. У Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Ҳаракатининг тенг ҳуқуқли ва ажралмас қисмидир.
Ўзбекистон ҚЯОЖ жисмоний шахсларнинг ихтиёрий мустақил жамоат бирлашмаси бўлиб, инсонпарварлик, меҳр-мурувват ғояларини рўёб этиш ҳамда одамларга холис ёрдам кўрсатиш, шунингдек, гуманитар фаолият ва ижтимоий соҳада давлат ҳокимияти ва маҳаллий бошқарув органларига кўмаклашиш мақсадида ташкил қилинган.
Ўзбекистон ҚЯОЖ Наманган вилояти ташкилоти Қизил Ярим ой Миллий Жамиятининг ташкилий тузилмаси таркибига киради ва бугунги кунда унинг ҳудудий бўлимлари Наманган шаҳри ва 11 та туманда фаолият кўрсатади. Вилоят ташкилотига 490 та бошланғич ташкилот ва уларда 142 мингдан зиёд аъзо мавжуд.
Ўзбекистон ҚЯОЖ вилоят ҳудудида 50 йилдан буён фаолият кўрсатиб, у ўзининг олдига қўйган мақсад ва вазифаларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, бугунги кунда ташкилот ўз қарамоғидаги 210 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар ёрдамига муҳтож, ногирон, уруш ва меҳнат фах-рийларига инсонпарварлик ёрдами кўрсатмоқда.
Жорий «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да вилоят ташкилоти ва шаҳар, туманлар бўлимлари томонидан 324 нафар фуқарога 53,8 млн. сўмлик инсонпарварлик ёрдами берилди. Бундан ташқари, ташкилот томонидан вилоят аҳолисини фавқулодда вазиятларга тайёрлаш, бундай вазиятларда уларни тартибли ҳаракат қилишга ўргатиш, биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмаларини шакллантириш бўйича бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
8 май – Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Ҳаракати куни ҳамда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Наманган вилояти ташкилотининг 50 йиллигига бағишлаб Наманган давлат университетида «Ҳамма жойда барча учун» шоири остида «Халқаро инсонпарварлик ҳуқуқ – инсонпарварлик дебочаси» мавзуида илмий-амалий конференция, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси мажлислар залида «Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти – инсонпарварлик йўлида» мавзуида вилоят журналистлари учун матбуот конференцияси, сана муносабати билан «Инсонпарварлик йўли» мавзуида бир қатор фахрийларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш мақсадида хайрия акцияси ўтказилди.
Шу билан бирга, вилоят ташкилоти ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ушбу санага бағишлаб меҳнат жамоаларида, ўқув муассасалари ва бошланғич ташкилотларда турли маънавий-маърифий ҳамда тарғибот ишлари олиб борилди.