КАТТА КУЧ

«Ёдимда. Туманимизда Наврўз байрами тантаналари бўлиб ўтмоқда. Қўлимда сигарета, кайфиятим чоғ. Шу пайт ёнимга бир қиз келди-да саломлашгач, шундай савол берди: «Сиз сигарета чекиб, табиатга ва саломатлигингизга қанчалар зиён етказаётганингизни биласизми?» Шошиб қўлимдаги сигаретани четга улоқтирдим. У яна савол билан юзланди: «Сиз иккинчи хатога йўл қўйдингиз. Сигарет қолдиғини менга беришингиз керак эди». Юзим қизариб, ҳамроҳим олдида шу қадар хижолат тортдимки, менга бу катта сабоқ бўлди. Кейинроқ суриштириб билсам, бу қиз 7-мактабнинг 9-синф ўқувчиси, ёшлар иттифоқининг соғлом турмуш тарзи бўйича тарғиботчиси Мухлиса Муҳаммадвалиева экан. Сардор қизнинг журъат этиб, ички ишлар ходимига шундай дейиши, очиғи, менга ўзгача таъсир этди. Айтмоқчиманки, сардорларнинг таъсир доираси қанчалар кучли эканига шунда гувоҳ бўлганман».

Туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Муродилла Юнусов Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида юқоридаги каби фикрларни билдираркан, ёшлар катта куч эканлиги ва бундан самарали фойдаланиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда дастлаб туман кенгаши раиси Анваржон Атақўзиевнинг ўтган даврдаги фаолият юзасидан ҳисоботи ва амалга оширилиши лозим бўлган навбатдаги вазифалар ҳақидаги маърузаси тингланди. Туман кенгаши бош мутахассиси Бахтиёр Жўраев бошланғич ташкилот етакчилари фаолияти тўғрисида маъруза қилди. Ўтган даврдаги фаолият таҳлилига кўра, 13, 37, 40-мактаблардаги бошланғич ташкилотлар етакчиларининг фаолияти қониқарли эмас, деб топилди.

«Уйчинома» газетаси муҳаррири Муҳаммадали Қамбаров таълим-тарбия, огоҳликни кучайтириш, китобхонлик маданияти, ёшларда ташаббус етишмаётгани ҳақида мулоҳазалар билдирди.

Кенгашда ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг кенгайтирилган йиғилишига тумандан иштирок этувчи фаоллар сайланди, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Соҳиба ЭРГАШЕВА,

26-мактаб ўқитувчиси.